“Sen Yolg'iz Emassan” Фонди

“Мен Ўзбекистондаги ота-она меҳридан бебаҳра қолган ҳар бир бола ёлғиз эмаслигини, биз унинг бахти ва саодати учун қўлимиздан келганча  ҳаракат қилишимизни астойдил ҳис этишини истайман.” (Лола Каримова-Тилляева, “Sen Yolg’iz Emassan” РЖБФ ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Васийлик кенгашларининг Раиси)

«Sen Yolg’iz Emassan» Республика жамоатчилик болалар фонди 2002 йил ноябрь ойида Лола Каримова-Тилляева ташаббуси билан ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган.
Фонднинг асосий мақсади ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг униб-ўсиши, ҳар томонлама билим олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, болаларни маънавий-руҳий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг саломатлигини муҳофаза қилишдан иборат.

Ташкил этилганидан сўнг кўп ўтмай, яъни 2002 йил ноябрь ойидан 2003 йилнинг март ойигача Фонд Ўзбекистондаги барча Меҳрибонлик уйлари бўйича текширув ўтказди. Таҳлил натижалари Меҳрибонлик уйларидаги умумий муҳитда, тарбияланувчиларнинг яшаш шароитида, овқатланиши ва таълим олишида сезиларли камчиликлар борлигини кўрсатди. Меҳрибонлик уйлари ходимларининг масъулиятсизлиги туфайли болаларнинг яшаш даражаси жуда пастлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрнатилган овқатланиш меъёрлари бузилганлиги, соғлом ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган озиқ-овқатлар болаларга етарли миқдорда берилмагани маълум бўлди. Қолаверса, болаларнинг тўлақонли ривожланиши ва таълим олиши учун шароит етарли бўлмай, турар-жойлар қониқарсиз аҳволда эди.

Текширув натижалари асосида 2003 йилда Фонд томонидан Меҳрибонлик уйларидаги вазиятни яхшилаш бўйича кенг кўламли амалий ишлар ташаббуси илгари сурилди ва бошлаб юборилди. Болаларнинг ҳаётини сифат жиҳатдан яхшилаш, жумладан, Меҳрибонлик уйларида уй шароитига яқинлаштирилган муҳит яратиш, болаларнинг маълумот даражасини ошириш, уларнинг соғлом ўсиши ва ривожланиши учун зарур овқатланиш меъёрларини жорий этиш буйича ишлар шулар жумласидандир.

Фонд фаолиятининг бошланғич босқичларида имконияти чекланган болаларга ҳам меҳр ва эътибор кўрсатиш мақсад қилиб олинган эди. Алоҳида эҳтиёжли болаларни даволаш, улар қобилиятини ҳар томонлама ривожлантиришда янада самаралироқ ҳаракат талаб этилди. Шу муносабат билан, 2004 йилда Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг ташкил этилишида Фонднинг ҳиссаси катта бўлди. Бугунги кунда мазкур икки ташкилот имконияти чекланган болаларга таълим-тарбия бериш, тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг ҳар томонлама униб-ўсиши йўлида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Фонд ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ҳамкорликда имконияти чекланган болаларга, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар фарзандларига, шунингдек, ўз салоҳиятини ривожлантириш учун етарли имкониятга эга бўлмаган иқтидорли болаларга тиббий, молиявий ва таълим соҳаларида ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Меҳрибонлик уйларида болаларга уй шароитига яқинлаштирилган муҳит яратиш мақсадида «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди ўз фаолиятида болалар муассасаларида қурилиш ва созлаш ишларини молиялаштиришга ҳам катта эътибор қаратди.
Фонднинг молиявий ёрдами билан бир қатор Меҳрибонлик уйларида қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ушбу муассасалар қошида қўшимча таълим бинолари, кутубхоналар, янги спорт ва кўнгилочар майдончалар, ҳовузлар, маъмурий бино ва замонавий тиббиёт бўлимлари барпо этилди.

23-Меҳрибонлик уйининг янги маскани «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди томонидан 2014 йилда бунёд этилди. Меҳрибонлик уйининг 2,5 гектарлик ҳудудида маъмурий бино, қўшимча таълим биноси, тиббий хизмат мажмуаси, учта турар жой мажмуалари, спорт мажмуаси, учта бассейн, анжуманлар зали, ошхона ҳамда катта саҳнали ёзги амфитеатр жойлашган.

23-Меҳрибонлик уйи.
Болаларнинг яшаши учун учта корпус ажратилган бўлиб, гуруҳларда уй шароитига яқин кўркам муҳит яратилди. Ҳар бир гуруҳ ўз ичига бир қатор хоналарни олган бўлиб, булар шинам ётоқхона, меҳмонхона, дарсхона ва маиший хоналардир.

23-Меҳрибонлик уйи.
Спорт мажмуасида замонавий спорт анжомлари билан таъминланган катта спорт зали, иккита қишки ҳамда битта ёзги бассейн ва унга қарашли соғломлаштириш майдончаси мавжуд.

23-Меҳрибонлик уйи.
Қўшимча таълим биносида болаларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш мақсадида рассомчилик, хореография, фортепиано, миллий чолғулар ва вокал йўналишлари бўйича тўгараклар ташкил этилган. Шунингдек, тикиш ва бичиш, сартарошлик, кулолчилик, ошпазлик каби келгусида асқотиши мумкин бўлган ҳунарлар бўйича машғулотлар йўлга қўйилган.

23-Меҳрибонлик уйи.

23-Меҳрибонлик уйи.

23-Меҳрибонлик уйи.

23-Меҳрибонлик уйи.
Кичкинтойлар учун «Ўйнаб, ўрганамиз» номли таълим дастури ишлаб чиқилиб, ундан Монтессори усули ҳамда болаларни мактабга тайёрловчи турли логопедик машғулотлар ўрин олган.

23-Меҳрибонлик уйи.
Меҳрибонлик уйининг катта кутубхонасида турли ўқув, илмий-оммабоп адабиётлар, юртимиз ва чет эл ёзувчиларининг энг сара асарлари жамланган.

23-Меҳрибонлик уйи.
Меҳрибонлик уйининг ҳудудида кенгайтирилган тиббий хизматлар мажмуи ташкил этилган бўлиб, унда педиатр, стоматолог, физиотерапевт, ортопед, лор, окулист, дерматолог ва коррекцион педагог каби тиббиёт ходимлари томонидан юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатилади. Бу ерда физиотерапия, стоматология, муолажалар хонаси, массаж, даволаш жисмоний тарбия хонаси, фитобар ва турли мутахассислар хоналари мавжуд бўлиб, ҳар бир хона халқаро тиббий стандартларга жавоб берувчи ускуналар билан таъминланган.

23-Меҳрибонлик уйи.

Самарқанд шаҳридаги 6-сонли Меҳрибонлик уйига 1943 йилда, Иккинчи жаҳон уруши даврида асос солинган. Унда мактаб ва боғча ёшидаги 100 нафардан ортиқ бола тарбияланади. Меҳрибонлик уйининг эски биноси болаларнинг ҳаёт кечиришига умуман мўлжалланмаган эди, чунки илгари мазкур бинода прокуратура жойлашган эди. Лола Каримова-Тилляева 2013 йилнинг январь ойида ушбу Меҳрибонлик уйига ташриф буюриб мазкур муассаса учун Самарқанд марказидаги 2,1 гектарлик ер майдонида янги иншоот қуришга қарор қилди.

6-Меҳрибонлик уйи.
Меҳрибонлик уйи лойиҳасини ишлаб чиқишда етакчи архитектор, педагог ва психологлар иштирок этиб, болажонларнинг яшаши, ривожланиши ва таълим олиши учун максимал қулайликлар яратишга ҳаракат қилинди.

6-Меҳрибонлик уйи.
Уй ҳовлисида 9та алоҳида корпус, жумладан, ўғил ва қиз болалар учун тураржой корпуслари жойлашган бўлиб, уларда 28та ётоқхона, 34та ювиниш хоналари ва 21та ҳожатхона мавжуд.

6-Меҳрибонлик уйи.
Ўқув корпусида кутубхона, дарсхоналар, катта саҳнали 90 кишилик зал жойлашган. Бу ерда болалар тасвирий санъат, математика, кимё, информатика фанларидан қўшимча таълим олиб, хореография, драматик санъат, мусиқа ҳамда вокал бўйича ўз қобилиятларини ривожлантиришлари мумкин. Шунингдек, тикиш-бичиш, пазандалик, сартарошлик, ёғоч ўймакорлиги, дурадгорлик сингари тўгараклар ҳам ташкил қилинган.

6-Меҳрибонлик уйи.
Бассейн, катта спорт зали ва футбол майдонидан иборат спорт мажмуаси Меҳрибонлик уйидаги болаларнинг севимли масканларидан бирига айланди.

6-Меҳрибонлик уйи.
Янги турдаги тиббиёт мажмуаси педиатр, стоматолог, физиотерапевтларнинг кенг ва ёруғ хоналари, шунингдек, муолажа хонаси ва даволаш жисмоний тарбия залидан иборат.

Самарқанд шаҳридаги 10-сонли Меҳрибонлик уйи 1943 йилда таъсис этилган. Ўтган йиллар мобайнида унда 1400 нафардан ортиқ бола тарбия олган. Ҳозирда унда 138та бола тарбияланиб келмоқда.
Меҳрибонлик уйининг 1987 йилда қурилган биноси ўтган давр мобайнида бирор марта ҳам капитал таъмирланмаган бўлиб, санитар меъёрларга жавоб бермас эди. Тарбияланувчиларга оддий маиший қулайликлар, таълим олиш ва спорт билан шуғулланиш учун шароит мавжуд эмас эди.

10-Меҳрибонлик уйи.
Бу ерда 2013 йилда Фонд томонидан амалга оширилган реконструкция ва қурилиш ишларидан сўнг Меҳрибонлик уйи таниб бўлмас даражада ўзгарди. Энди бу даргоҳда кенг ва ёруғ тураржой мажмуалари, 10дан ортиқ ўқув хоналари, кўргазмалар зали, музей, кутубхона, компьютер синфи, хореография хонаси, кенг ошхона, дарсдан ташқари машғулотлар учун катта зал, тиббий бўлим ҳамда спорт мажмуаси мавжуд.

10-Меҳрибонлик уйи.

10-Меҳрибонлик уйи.

Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйи 1946 йилда ташкил этилган. 2013 йилда «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди томонидан бу ерда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ҳозирда Меҳрибонлик уйида 100 нафардан ортиқ 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган бола тарбияланмоқда.

14- Меҳрибонлик уйи.
Фонд томонидан амалга оширилган қайта таъмирлаш ва қурилиш ишлари натижасида даргоҳда болаларнинг яшаши ва таълим олиши учун зарур қулайликлар яратилди: тураржой хоналари, кутубхона, компьютер синфи, спорт мажмуаси, тиббий бўлим ва дам олиш хоналари қайта жиҳозланди.

14- Меҳрибонлик уйи.

14- Меҳрибонлик уйи.
Болаларнинг дарсдан ташқари машғулотлари учун янги бино барпо этилди. Унда болаларнинг дарс тайёрлаши ҳамда коллеж ва лицейда ўқишга тайёргарлик кўриши учун шарт-шароит яратилган.

2012 йилда Тошкент шаҳридаги Гўдаклар уйи Фонднинг тўлиқ молиявий ёрдами билан капитал қайта таъмирланиб, янги ускуна ва анжомлар билан таъминланди.

Таъмирлаш чоғи асосан болалар учун уй муҳитига яқинлаштирилган, яшаш учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратилди. Хоналар янги жиҳозлар ва турли анжомлар, жумладан, телевизор, мусиқа маркази ва мини-ошханалар билан қайта таъминланди.

Гўдаклар уйининг янги тиббий мажмуасида уқалаш, даволаш жисмоний тарбия, муолажа ва физиотерапия хоналари мавжуд. Мажмуадаги барча хоналар жаҳон стандартига жавоб берувчи тиббий усканалар билан, яъни қуруқ ҳовуз, ортопедик йўлакчалар, болалар тренажёрлари ҳамда турли ўлчамдаги бўйралар билан қайтадан жиҳозланди. Бу ишларнинг барчаси болаларнинг соғлом ўсиши ва ривожланиши учун амалга оширилди.

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган 1-сонли Мурувват уйининг капитал реконструкцияси «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди томонидан 2010 йилда амалга оширилди.
«Булар алоҳида эътибордаги болалар, шу боис уларга ғамхўрлик ҳам ўзига хос бўлмоғи зарур. Биз болалар учун, уларнинг ривожланиши учун зарур бўлган барча қулай, хавфсиз шароитларни яратишга ҳаракат қилдик».
Лола Каримова-Тилляева
Тошкент, 2010 йил

1-Мурувват уйи.

1-Мурувват уйи.

1-Мурувват уйи.

2011 йилда «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди Қибрай туманидаги ихтисослаштирилган Гўдаклар уйини янги мебель ва бошқа зарур анжомлар билан таъминлади.

Қибрай туманидаги ихтисослаштирилган Гўдаклар уйи.

2008-2009 йилларда «Sen Yolg’iz Emassan» Фондининг тўлиқ моддий кўмаги билан Тошкент шаҳри Саховат уйида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Уйдаги тураржой корпуслари таъмирдан чиқарилиб, мебеллар билан таъминланди. Янги ошхона ва кирхона бинолари қурилди. Қарияларга қулайликлар яратиш мақсадида тураржой корпуслари, ошхона ва тиббий бўлимлар орасида ўтиш жойлари қурилди.

Фонднинг кўмаги билан 2003-2004 йилларда 21- ва 22-Меҳрибонлик уйларида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
23-Меҳрибонлик уйининг эски биноси Фонд томонидан 2009 ва 2012 йилларда икки маротаба таъмирланди. 2011 йилда 14- ва 30-Меҳрибонлик уйларининг ёзги оромгоҳларида таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

2012 йилда Фонднинг тўлиқ молиявий кўмаги билан имконияти чекланган болаларга ёрдам кўрсатувчи Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази капитал таъмирланиб, замонавий жиҳозлар, таянч-ҳаракат тизими хасталикларига чалинган болаларни даволаш тренажёрлари билан таъминланди.

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази.

2011 йилда «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди Республика Перинатал марказининг янги, перинатал ва неонатал жарроҳлик бўлимларини замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминлади. Муддатига етмай ва турли хил туғма нуқсонлар билан туғилган чақалоқларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қиладиган мультифункционал кювезлар, иситиш мосламали болалар ётоқлари, гипербилирубинемияни даволовчи фототерапия лампалари, ташхислаш жараёнига кўмаклашувчи рақамли рентген, офтальмологик ультразамонавий «RetCam Shuttle» аппарати, юқори технологик ультратовушли VOLUSON E8 expert ва LOGIQ E9 аппаратлари, электрохирургик коагулятор, хирургик рентген мослама, кардиомониторлар, сунъий нафас бериш аппаратлари ва ҳавони тозаловчи ламинар оқимли ускуна Перинатал марказига Фонд томонидан тақдим этилди.

Республика Перинатал марказининг перинатал ва неонатал жарроҳлик бўлимларини замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминоти.

Республика Перинатал марказининг перинатал ва неонатал жарроҳлик бўлимларини замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминоти.

Республика Перинатал марказининг перинатал ва неонатал жарроҳлик бўлимларини замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминоти.

Республика Перинатал марказининг перинатал ва неонатал жарроҳлик бўлимларини замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминоти.

Республика Перинатал марказининг перинатал ва неонатал жарроҳлик бўлимларини замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминоти.

2013 йилда Фонд томонидан академик В.В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказининг тўртта жарроҳлик операцион блокларида халқаро талабларга жавоб берадиган таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, улар мураккаб операцияларни бажаришга имкон берувчи юқори технологик ускуналар билан таъминланди.

Академик В.В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази.

2015 йилнинг октябрь ойида “Sen Yol’giz Emassan” Фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти клиникасининг болалар бўлимига махсус тиббий ускуналар харид қилиниб тақдим этилди. Булар – турли гематологик касалликларга чалинган болаларни кундалик равишда даволашга ўта зарур бўлган 10та инфузион ва 30та шприцли KELLY MED насослари. Мазкур аппаратлар дори воситаларини томир ичига томчилатиш йўли билан киритиш, яъни инфузион терапия учун мўлжалланган бўлиб, улар полихимиотерапиянинг барча қоида ва талабларига биноан ўтишини таъминлаб беради. Шу билан бирга, полихимиотерапияда зарур бўладиган химиопрепаратларни атроф-муҳитга зарар етказмаган ва тайёрлаш қоидаларига амал қилган ҳолда тайёрлаш имконини яратувчи иккита ускуна ҳарид қилинди.

Фонднинг тиббий-ижтимоий хизмати Болалар ижтимоий мослашуви марказига қатновчи болалар учун аравачалар, протезлар, эшитиш аппаратларини харид қилади.

2003 йилда Фонд қошида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар фарзандлари ва имконияти чекланган болаларни ўрта-махсус ва олий ўқув юртларига тайёрлаш учун Ўқув маркази ташкил этилди.

Ўқув маркази фаолияти болалар билан ўзаро ишончга асосланган муносабат орқали уларнинг мактабда ўқишини кузатиб бориш, ўқишга бўлган қизиқишини ва таълимга бўлган ижобий муносабатини кучайтиришга қаратилган. Марказ мутахассислари болаларнинг қизиқиш ва қобилиятларини инобатга олган ҳолда касб танлашда уларга йўлланма бериш орқали имкон қадар ота-она ўрнини босишга ҳаракат қиладилар.

«Sen Yolg’iz Emassan» Фондининг Ўқув маркази.

Ўқув марказида болалар ўз илмий савиясини ошириб, аниқ ва гуманитар фанлардан чуқур билим эгаллайдилар. Марказда математика, кимё, биология, физика, ўзбек, рус, инглиз тиллари ва тарих фанларидан дарс берилади. Болаларнинг ижодий қобилиятларини ошириш мақсадида драматик, хореография, вокал ва тасвирий санъат тўгараклари ташкил этилган. Марказ қошида ишлаётган музокара клуби болаларни кенг фикрлашга ва нотиқлик санъатига ўргатади.

Ўқув марказининг фаолияти давомида унда 2500 нафардан ортиқ бола – Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, имконияти чекланган болалар ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар фарзандлари тайёрлов курсларини битирдилар. Бугунги кунда Ўқув маркази битирувчиларидан 240 нафардан ортиғи лицей ва коллежларда ўқишни битириб, республикадаги энг нуфузли олий ўқув юртлари талабалари бўлдилар.

Фонд Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар фарзандларини сифатли тиббий ёрдам билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратади. Турли касалликларни аниқлаш, профилактика қилиш ва олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида Меҳрибонлик уйларидаги болалар учун мунтазам тиббий кўриклар ташкил этилади.

Фонд ташаббуси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўмаги билан ҳар ой тиббий комиссия йиғилишлари ташкил этилади. Республиканинг етакчи тиббиёт мутахассислари ва шифокорларидан таркиб топган комиссия Ўзбекистон ва чет эл тиббий муассасалари билан ҳамкорлик қилади. Мазкур комиссия Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва битирувчиларига, имконияти чекланган болаларга ва кам таъминланган оилалар фарзандларига доимий равишда консультатив ва амалий ёрдам кўрсатади.

Шу билан бирга, Фонд жиддий хасталикларга чалинган Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оила фарзандларига мураккаб жарроҳлик амалиётларини Ўзбекистон, Европа мамлакатлари, Япония, Ҳиндистон ва Исроилнинг клиникаларида бажаришда моддий ёрдам кўрсатади.

Фонднинг таклифига биноан Франциянинг “Умид ришталари” шифокорлар уюшмасининг аъзолари 2015 йилнинг июль ойида академик В.В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказига ташриф буюрдилар. Франциялик шифокорларнинг Ўзбекистонга ташрифидан кўзланган асосий мақсад ўзбекистонлик касбдошлари билан биргаликда юрак нуқсонлари билан туғилган болаларга тиббий текширув, маслаҳат ва жарроҳлик муолажаларини амалга оширишдан иборат хайрия акциясида иштирок этиш бўлди.

Франциялик шифокорлар кам таъминланган оила фарзандларини, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда Республика болалар ижтимоий мослашуви марказидаги имконияти чекланган болаларни, жами қирққа яқин болани кўрикдан ўтказиб, уларга тиббий маслаҳат бердилар.

Шифокорлар тиббий кўрик натижаларини инобатга олган ҳолда фарғоналик 2 ёшли Исмоилова Мубинага жарроҳлик муолажасини ўтказишга қарор қилдилар. Қизалоқда жиддий туғма юрак патологияси мавжуд бўлиб, уни зудлик билан операция қилиш зарур эди.

Шу билан бирга, Уюшма вакиллари маҳаллий жарроҳларимиз учун маъруза ва тренинглар ўтказдилар.

Фонднинг юридик департаменти Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва битирувчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади.
Тарбияланувчилар Меҳрибонлик уйларини битириб кетганларидан кейин ҳам Фонд мутахассислари уларга ҳуқуқий, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатишни давом эттирадилар. Фонд фаолияти мобайнида Меҳрибонлик уйи битирувчиларининг 550дан ошиғига уй олишда ёрдам кўрсатди.
Болаларга мулкдорлик ва мерос ҳуқуқларини тиклашда ҳам ёрдам кўрсатилади. 450 нафарга яқин битирувчига шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тиклашда ёрдам кўрсатилди. 750дан ортиқ тарбияланувчиларнинг ўз турар жойларида яшаш ҳуқуқи тикланди.

Sen Yolg’iz Emassan» Фондининг ташаббуси билан 2003 йилда илк бор имконияти чекланган ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича Халқаро форум ўтказилди. Мазкур халқаро тадбир эндиликда Фонд ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази билан биргаликда ҳар йил Тошкент шаҳрида ташкил этиб келинади. Унда имконияти чекланган ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ҳимоя қилиш соҳаси мутахассислари ўзаро фикр алмашиб, муҳим қарорлар қабул қилади.
Форумда Ўзбекистоннинг вазирлик ва идоралари, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, БМТ Ривожланиш дастури каби халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, Америка, Европа ва Осиё мамлакатлари экспертлари иштирок этади.

Имконияти чекланган ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича Халқаро форум.

2013 ва 2015 йилларда «Sen Yolg’iz Emassan» Болалар фонди ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда аутизм ва аутистик спектрнинг бузилиши ва мазкур ташхисли болаларга ёрдам бериш масалаларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Мазкур халқаро тадбир АҚШ, Франция, Австрия, Исроил, Хитой ва Грециядан ташриф буюрган чет эллик ва маҳаллий мутахассисларни бирлаштирди. Шунингдек, конференцияда боласига мазкур ташхис қўйилган ота-оналар ҳамда ЮНЕСКО ва ЮНИСЕФ ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Ушбу тадбир ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлиб хизмат қилиб, Ўзбекистонда аутизмга чалинган болаларни ҳар томонлама парваришлаш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни фаоллаштиришга туртки берди.

«Sen Yolg’iz Emassan» Фонди Ўзбекистон Махсус Олимпиада терма жамоасининг 2015 йил 25 июль – 2 августда Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтган XIV Бутунжаҳон Махсус ёзги Олимпиада ўйинларидаги иштирокига ҳомийлик қилди.

Мусобақаларга тайёргарлик машғулотлари Ўзбекистон гимнастика федерациясининг спорт мажмуасида олиб борилди, у ерда спортчиларга яшаш, машқ қилиш учун барча шароитлар ҳамда тиббий кўрикдан ўтиш ва турли соғломлаштириш муолажалари ташкил этилди. Фонд кўмаги билан жамоа аъзоларига машқ бажариш ва олимпиадада иштирок этиш учун алоҳида спорт кийимлари тайёрланди.
Спортчиларнинг истакларини инобатга олган ҳолда Фонд томонидан мусобақалардан олдин қизиқарли маданий дастур ташкил этилди, унинг доирасида спортчи болалар машҳур “Диснейленд” ва “Юниверсал Студиос” истироҳат боғларида ҳамда Тинч океани соҳилидаги шаҳарчаларда сайр қилиш имкониятига эга бўлдилар.

20та спортчидан иборат Ўзбекистон Махсус Олимпиада терма жамоаси 2015 йилнинг спорт дунёсидаги ушбу энг йирик воқеасида юқори натижаларга эришиб, 10та олтин, 13та кумуш ва 14та бронза, жами 37та медалга сазовор бўлди.

«Спортчиларимиз ҳамда уларни қўллаб-қувватлаган инсонлар билан фахрлансак арзийди. Чунки ҳар бир миллатнинг тараққий этганлик даражасини унинг қариялар, имконияти чекланган инсонлар ва болаларга муносабати, ёрдамга муҳтож инсонларга бефарқ бўлмай, уларни қўллаб-қувватлашидан билиш мумкин. Ўзбек халқи ҳар доим ўзининг очиқкўнгиллиги ва самимийлиги билан ажралиб турган, бу эса Олимпиада давомида яна бир бор ўз исботини топганидан мен фахр туйғусини ҳис этдим.
Спортчиларимиз билан чексиз ғурурланамиз. Уларга ҳаётларининг барча жабҳаларида ғалаба ёр бўлишини тилаймиз. Улар эришган ҳар бир ютуқ бошқа инсонларга, болалар ва уларнинг ота-оналарига умид бағишласин, ўз кучига ишониш, қийинчиликларни қатъият билан енгиб ўтиш, иштиёқ билан яшаш ҳамда орзулар сари интилиш намунаси бўлиб хизмат қилсин».
(Лола Каримова-Тилляева,
“Sen Yolg’iz Emassan” РЖБФ ва РБИММ Васийлик Кенгашларининг раиси)

«Sen Yolg’iz Emassan» Фонди Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунини нишонлаш бўйича кўп йиллик анъанага эга.
2015 йилнинг июнь ойида Тошкентдаги “Туркистон” саройида 3000 нафарга яқин бола учун Фонд томонидан байрам концерти ташкил этилди. Ушбу концертда таълим, санъат ва спортда муваффақиятга эришган болалар рағбатлантирилдилар. Шунингдек, Фонднинг ҳамкорлари, ўз фаолиятини болаларнинг ҳаётини асрашга баҳшида этган шифокор, тиббий муассаса ва клиникаларга ҳам кўп йиллик хизматлари, болалар соғлиғини сақлаш соҳасига қўшган ҳиссаси учун Фонд томонидан миннатдорчилик билдирилди.

2015 йилнинг май ойида Фонд томонидан Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган «Менинг орзум» номли болалар расмлари кўргазмаси ташкил этилди. Ўзбекистон санъат музейида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, имконияти чекланган болалар ва кам таъминланган оилалар фарзандларининг чизган расмлари намойиш этилди. Болалар ўз орзуларини қоғозга ва асфальтга туширдилар. Кўргазма дастурининг рамзий ниҳояси сифатида ҳар бир бола ўз орзусини қоғозга тушириб, уни ранг-баранг шарлар билан осмонга учирди.

«Боланинг орзуси шундай пок ва беғуборки, у албатта рўёбга чиқмай қолмайди. Шу йилнинг май ойида «Sen Yolg’iz Emаssan» Фонди томонидан ташкил этилган «Менинг орзум» номли кўргазма ғолиблари – эгизаклар Евгений ва Александр Сенлар ўз эзгу орзуларига самимий ишониб, уни мўйқалам билан қоғозга тушириб келганлар. Уларнинг Париж шаҳрига боришдек орзуларини амалга ошириш имконияти туғилганидан бағоят хурсандман».
Лола Каримова-Тилляева
Париж, июль, 2015 й.

Фонд олдида ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича ҳали кўп вазифалар турибди. Ҳаётий мақсадларни амалга ошириш йўлида муҳим билим ва малакани эгаллаши учун болада ички таянчни яратар экан, Фонд бахтли келажакка ишонган муваффақиятли болалар сонини орттиришга, уларнинг муносиб касб эгалари, маънан етук ва жамиятнинг тўлақонли аъзолари бўлиб етишларига интилади.
Катта мақсадлар ортида муайян бир инсоннинг тақдири ётади. Фонд учун ҳаётларида қай даражададир ўзгариш ясагани ва ўзларига бўлган муносабатларини ўзгартиргани, яхшиликка ишонишга ўргатгани ва ёлғиз эмасликларини англатгани учун болаларнинг миннатдорчилиги энг катта мукофот. Демакки, Фонд болалар учун зарур – яшамоқ, ишонмоқ ва бахтли бўлмоқ учун.