Атлас ва адрасни анъанавий ишлаб чиқариш усуллари ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросининг илғор тажрибаси рўйхатига киритилди

17 Dec 2017

IMG_96168 декабрда Корея Республикасининг Чеджу шаҳрида бўлиб ўтган номоддий маданий мерос бўйича ЮНЕСКО Ҳукуматлараро Қўмитасининг 12-сессиясида атлас ва адрасни анъанавий ишлаб чиқариш усуллари ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросининг илғор тажрибаси рўйхатига киритилди.

Ўзбек матоларини ишлаб чиқариш усулларини номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси томонидан ташаббус қилинган эди. Мазкур жараён 2 йил давом этган бўлиб, бу давр мобайнида Ваколатхонамиз томонидан ўзбек ипагини тарғиб этиш йўналиши бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, мазкур санъат турининг кўп асрлик анъаналарига бағишланган “Ўзбек ипагининг гулгун фасли” китоби инглиз, француз, рус ва ўзбек тилларида нашр этилди.

Жаҳон ҳамжамиятини ўзбек матолари билан таништириб бориш фаолиятимиз доирасида июнь-июль ойларида Тошкентда Ислом Каримов номидаги Фонд билан ҳамкорликда миллий ипакчилик санъати тарихи ва ўзига хослигини намойиш этувчи “Авлодларни боғловчи ришта” номли 18-кун давом этган кўргазма ташкил этилди. Мазкур тадбир доирасида марғилон шоиси тарихига ҳамда марғилонлик уста-ҳунарманд Мирзааҳмедовлар сулоласи ижодига бағишланган каталог чоп этилди.

IMG_9617Энди эътиборингизга– Ислом Каримов номидаги Фонд (www.fondkarimov.uz) ҳамда КАФБ журнали (www.cafb.asia) томонидан тайёрланган янги маданий лойиҳа – арт-тақвимни ҳавола этмоқчиман. Мазкур тақвимда хон атлас матосидан яратилган миллий либослар орқали шарқ аёли гўзаллигини очиб беришга интилдик. @cafb.asia журнали ташаббуси билан  хон атласдан тикилган энг чиройли либос танлови эълон қилинган эди. Ушбу танловда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 120 нафар киши иштирок этган бўлиб, ғолиблар овоз бериш йўли билан аниқланди.

Танловнинг барча иштирокчиларига ҳамда @cafb.asia журналига юқори савияда амалга оширилган амаллари учун ўз миннатдорлигимни изҳор этаман. Офарин! Барчага ижодий муваффақиятлар тилайман!

Лола Каримова-Тилляева