Тошкентда Бадиий Гимнастика бўйича Жаҳон Кубоги босқичи ҳамда "Happy Caravan" турнири

20 May 2012

Тошкентда Бадиий Гимнастика бўйича
Жаҳон Кубоги  босқичи ҳамда “Happy Caravan” турнири

Жорий йилнинг 18 майидан 20 майигача Тошкентда Европа, Осиё ва Жанубий Америка гимнастлари иштирокидаги Бадиий Гимнастика бўйича Жаҳон Кубоги босқичи  ҳамда “Happy Caravan” халқаро турнири бўлиб ўтди.

Осиё Гимнастика Иттифоқи Фахрий Президенти Лола Каримова-Тилляева барча турнир иштирокчиларини ушбу очилиш маросими билан муборакбод этди.

“Спортчиларимиз бу йилнинг ёзида Лондон Олимпия ўйинларида иштирок этиш арафасида эканлар, мен сизларни ушбу муҳим Олимпия йилида Тошкент шаҳрида қутлаётганимдан ниҳоятда мамнунман. Мен ушбу мусобақа иштирокчилари ва мураббийларига уларнинг самарали меҳнатлари учун Ўзбекистон Гимнастика Федерацияси ҳамда ўз номимдан чин кўнгилдан ташаккур билдирмоқчиман. Сизларнинг шарофатингиз билан биз бугун бадиий гимнастлар томонидан тақдим этилган шундай ажойиб ва гўзал тадбир билан завқланиш бахтига сазовор бўлдик” –  деди Лола Каримова-Тиллаева ўз нутқида.

Очилиш маросимидан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида Лола Каримова-Тиллаева, Россия Бадиий Гимнастика Федерацияси президенти Ирина Винер, Халқаро Гимнастика Федерацияси Техник Қўмитаси аъзоси Ноха Абу Шабана ва Беларус миллий жамоаси бош мураббийси Ирина Лепарскаялар матбуот ҳодимларининг саволларига жавоб бердилар.

Тошкент Жаҳон Кубоги иштирокчилари қаторидан жаҳон чемпиони Александра Меркулова (Россия), 2011 йилги Жаҳон Чемпионати кумуш медал совриндорлари Любовь Чаркашина, Станюта Мелитина (Беларусь), 2011 йилги Жаҳон Чемпионати бронза медали совриндорлари Алия Гараева (Озарбайжон), Нета Ривкин (Исроил), Осиё ўйинлари чемпиони Анна Алябьевалар (Қозоғистон) жой олдилар. Ушбу гимнастлар ўз она юртлари шаънини 2012 йилги Лондон Олимпия ўйинларида ҳимоя қиладилар.

Ушбу тадбирнинг фахрий меҳмони бўлмиш Россия Бадиий Гимнастика Федерацияси президенти Ирина Винер Тошкентда бўлиб ўтган мусобақалар жаҳон чемпионатлари стандартларига муносиб равишда олиб борилганлигини таъкидлаб ўтди.

Спорт тадбирларининг сўнгида гимнастиканинг Ўзбекистондаги 100 йиллига бағишланган гала концерт бўлиб ўтди.