Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонаси фаолияти бўйича ҳисобот

01 Feb 2018

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонаси 2008-2017 йиллардаги фаолияти мобайнида Наврўз халқ байрами, Катта ашула, ўзбек палови анъаналари, Бойсун маданий мероси, Шашмақом ва Аския ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди.

2016 йили дунёдаги энг катта тоғ тизмаларидан бири, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудини қамраб олган Ғарбий Тянь-Шань Бутунжаҳон маданий ва табиий мерос рўйхатига кирилди.

2017 йил декабрь ойида куни Чеджу шаҳрида (Корея Республикаси) бўлиб ўтган ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси бўйича Ҳукуматлараро қўмитаси 12-сессиясида атлас ва адрас тўқиш анъанавий технологияси ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни асраб-авайлаш бўйича илғор тажрибалар рўйхатидан жой олди.

Буларнинг барчаси ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик қадриятларини тарғиб этишда муҳим роль ўйнайди ҳамда мамлакатимиз маданиятининг тамал тоши бўлган маҳаллий анъаналарни асраб-авайлашга кўмаклашади.

Ноширлик сўнгги 10 йил давомида Доимий ваколатхона фаолиятининг асосий йўналишлари сирасига кирди.

Ўзбек ипакчилиги анъанавий санъатини асраб-авайлаш мақсадида 2017 йили Доимий ваколатхона Ислом Каримов номидаги фонд билан ҳамкорликда “Ўзбек ипагининг гулгун фасли” китобини чоп этди. Инглиз, француз, рус ва ўзбек тилларида чоп этилган ушбу рисолада ўзбек ипагининг пайдо бўлиши ва кенг тарқалишидан то маҳаллий усталар иши маҳсули бўлмиш замонавий абрбанди матоларининг гўзал намуналари қайта дунёга келишига қадар – Ўзбекистон ипакчилигининг муфассал тарихи қаламга олинган.

Шунингдек, Марғилон ипакчилиги ва моҳир тўқувчилар сулоласи ижодига бағишланган каталог нашр этилди.

Доимий ваколатхона тайёрлаган сўнгги нашрлардан бири “Uzbekistan. An Experience of Cultural Treasures to Colour” номли бўяш китобидир. Ушбу тўплам Самарқанд ва Бухородаги муаззам тарихий обидалардан тортиб замонавий рангтасвир ва халқ амалий санъати намуналарига қадар – Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ҳақида маълумот беради.

Ўзбек адабиёти намуналарининг хорижий тилларга таржимаси учун грантлар тақдим этиш орқали Ўзбекистоннинг бой маданий меросини қўллаб-қувватлаш ва кенг тарғиб этиш дастурларига алоҳида эътибор қаратилди.

2015 йили Доимий ваколатхона кўмагида замонавий ўзбек адабиётининг ёрқин намояндаларидан саналган ёзувчи Эркин Аъзамнинг бир неча асари инглиз ва француз тилларига таржима қилинди.

Охирги йилда Ислом Каримов номидаги фонд билан ҳамкорликда мумтоз ўзбек адиби Абдулла Қодирий қаламига мансуб “Ўтган кунлар” романининг инглиз ва француз тилларига таржимаси бўйича ижодий ишлар амалга оширилди.

Шунингдек, Доимий ваколатхона томонидан Ўзбекистон замонавий тасвирий санъатининг икки атоқли вакили – Жавлон Умарбеков ва Бобур Исмоиловнинг каталоги чоп этилди. Ушбу нашрлар муаллифларнинг энг сара ютуқлари ва ижодий ишлари билан танишиш имконини бериб қолмай, Ўзбекистонда замонавий тасвирий санъат нуфузини ошириш ва миллий бадиий мактаблар равнақига улкан ҳисса қўшган икки мусаввирга эҳтиром рамзи ҳамдир.

Замонавий ўзбек санъатини кенг тарғиб этиш, шунингдек, ўзбек халқининг бой анъаналари, маданияти ва маънавий меросига қизиқишни ошириш мақсадида Доимий ваколатхона бир қатор маданий тадбирларга бош-қош бўлди. Жумладан, Париж, Вашингтон ва Тошкентда Бобур Исмоилов, Жавлон Умарбеков, Чингиз Аҳмаров, Файзулла Аҳмадалиев, Бобур Муҳаммедов каби мусаввирлар, шунинингдек, бухоролик миниатюрачи рассом Даврон Тошевнинг ижодий кўргазмалари ташкил этилди.

2015 йил баҳорида Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда ўзбек адиби Эркин Аъзамнинг инглиз тилига таржима қилинган “Farewell to fairy tales” китоби тақдимотига бағишланган маданий кеча ташкил этилди. Тадбирда мусаввирлар Жавлон Умарбеков ва Бобур Исмоилов картиналари ҳам намойиш этилди. Маданий кечада Доимий ваколатхона томонидан Тошкентдан таклиф этилган иқтидорли ёш пианиночи Фотима Аҳмедова  миллий мусиқий композицияларни ижро этди.

Айни шу йили Наврўз байрами тантаналари доирасида Парижда ўзбек адиби Эркин Аъзамнинг француз тилига таржима қилинган “Adieu aux contes de fées” (Эртак билан хайрлашув) китоби тақдимотига бағишланган маданий кеча уюштирилди. Тадбирда Ўзбекистон тасвирий санъатининг турли оқим ва йўналишлари вакили бўлган муасаввирлар Ж.Умарбеков, Б.Исмоилов ҳамда миниатюрачи рассом Д.Тошевнинг ижодий ишлари ҳам намойиш қилинди. Кеча давомида француз созандаси ўзбек куйларидан намуналар ижро этди, шунингдек, актёрлар Э.Аъзамнинг француз тилида чоп этилган китобидан парчалар ўқиб берди.

Доимий ваколатхона фаолияти давомида халқаро аудиторияни ўзбек кинематография санъати билан таништириш мақсадида ҳам тадбирлар ўтказди. Жумладан, 2013 йил майда Парижнинг дипломатия академиясида ЮНЕСКО, дипломатик корпус, илмий-академик, ижтимоий ва маданий-гуманитар доиралар вакиллари иштирокида Ўзбекистон адабиёти, мусиқаси ва киносига бағишланган маданий кеча ташкил этилди. Тадбир доирасида замонавий ўзбек киносининг энг сара намуналаридан бири “Паризод” бадиий фильми тақдим этилди.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонаси томонидан жаҳон илмий тафаккурига улкан ҳисса қўшган Марказий Осиёнинг буюк алломалари маънавий меросига бағишланган халқаро анжуманлар ҳам ташкил этилди. Хусусан, Парижда ўрта асрларнинг буюк астрономи ва ҳукмдори, XV асрда Самарқандни астрономия соҳасидаги илғор илмий тадқиқотлар марказига айлантирган Мирзо Улуғбек ихтироларига бағишланган анжуман ўтказилди.

Шунингдек, Доимий ваколатхона томонидан Париждаги Араб дунёси институти билан ҳамкорликда буюк қомусий олим, Ғарбда “Авиценна” номи билан машҳур бўлган Абу Али ибн Сино таваллудининг 1030 йиллигига бағишланган халқаро илмий анжуман ташкил этилди.

Доимий ваколатхона жаҳон ҳамжамиятини Марказий Осиёнинг дунё тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси борасида хабардорлигини ошириш мақсадида Ибн Сино ва Улуғбек ҳаёти ҳамда илмий фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильмлар тайёрлаш жараёнини мувофиқлаштириб борди.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонаси Шарқ Уйғониши даври аллома ҳамда мутафаккирлари илмий ва ижодий меросига бағишланган “Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё Ренессанси” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ҳамда ЮНЕСКОнинг йирик лойиҳаси – умумий ва минтақавий тарих бўйича кўпжилдли тадқиқотлар тўпламига бағишланган “Инсоният тарихида мулоқотнинг унутилмас лаҳзалари: баҳо, сабоқлар ва истиқболлар” мавзусида ЮНЕСКО халқаро семинарининг ташаббускори ва ташкилотчиларидан бири бўлди (2017 йил, август, Самарқанд). Анжуманда турли мамлакатлардан 200 дан зиёд олим, шунингдек, ИҲТ, АЙСЕСКО, БМТ, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти каби халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Доимий ваколатхонанинг жаҳон ҳамжамиятини ўзбек абрбанди санъати анъаналари билан таништириш борасидаги фаолияти доирасида 2017 йил июнь-июль ойларида Тошкентда Ислом Каримов номидаги фонд билан ҳамкорликда 18 кунлик “Авлодларни боғловчи ришта” номли кўргазма ташкил этилди. Бетакрор ипакчилик санъатини оммалаштириш мақсадида уюштирилган кўргазмада марғилонлик пешқадам усталарнинг ижодий мероси ва замонавий ишлари намойиш этилди.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий вакили томонидан 2015-2017 йиллар давомида ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг меъморий обидалари, тарихи, маданияти ва анъаналарини халқаро аудиторияга танитишга қаратилган материаллар мунтазам чоп этиб борилди.

Доимий ваколатхона, шунингдек, Ўзбекистондаги хайрия ташкилоти – Республика ижтимоий мослашув марказидан ёрдам олувчи алоҳида эҳтиёжли болалар учун таълим дастурларини ишлаб чиқишга кўмаклашди. Бу эса алоҳида эҳтиёжли болаларни ўқитиш ва даволашга ҳар томонлама кўмак демакдир.

2015-2017 йилларда Доимий ваколатхона Франциядаги “La chaine de l’espoir” уюшмаси тиббий экспертларининг Ўзбекистонга сафарларини ташкил этишга кўмаклашди. “Сен ёлғиз эмассан” жамғармаси уюштирган хайрия акциялари доирасида франциялик тиббиётчилар Ўзбекистондаги кам таъминланган оилалар ва меҳрибонлик уйларида тарбияланаёган 66 нафар туғма юрак нуқсони билан хасталанган болани операция қилди. Франциялик шифокорлар, шунингдек, маҳаллий болалар жарроҳлари ва кардиожарроҳлари учун маҳорат машғулотлари ўтказди, маърузалар ўқиди.

Доимий ваколатхона 2016-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштириш мақсадида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси маркази ҳамда ИКОМОС (Ёдгорликлар ва тарихий масканларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро кенгаш) билан ҳамкорликда Биринчи Президент дафн этилган маскан – 2001 йили ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” объектининг таркибий қисми бўлмиш Ҳазрати Хизр тарихий масжидига (қадимий Афросиёб шаҳарчасидаги мажмуа) ёндош ҳудудда меъморий обида қуриш лойиҳаси бўйича ҳам иш олиб борди.

2016 йил ноябрда Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бош бошқармаси билан биргаликда масжидга ёндош ҳудудда тегишли ишларни олиб бориш, жумладан, хотира иншоотини қуриш мақсадга мувофиқлиги хусусида ҳисобот тайёрланди ва ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси марказига юборилди.

Шу тариқа Марказий Осиё меъморчилигининг энг илғор усул ва анъаналарини ўзида мужассам этган мақбара қурилиши ЮНЕСКО мезонлари ва тавсияларига қатъий ва тўлиқ риоя этилган ҳолда амалга оширилди.

Ҳисобот даврида Ўзбекистон вакилларининг ЮНЕСКОнинг муҳим тадбир ва анжуманларида иштироки таъминланди. Айни чоқда, Ташкилот раҳбарияти ва масъул шахсларининг мамлакатга ташрифи ҳозирланди. Учрашувлар ва ўтказилган музокаралар, жумладан, юқори даражадаги музокаралар натижаси Ўзбекистонда манзилли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётганини кўрсатди.

Доимий ваколатхона ЮНЕСКОнинг дастурий фаолиятига мувофиқ мамлакатга техник ва молиявий кўмак жалб этишга кўмаклашди. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг турли идора ва ташкилотлари мутахассислари ҳар йили миллий лойиҳалар доирасида тренингларда қатнашиб малака ошириб қолмай, хорижда ҳам билим олиш имконига эга бўлди.

Саъй-ҳаракатлардан сўнг Ўзбекистон 2009 йилда ЮНЕСКО Ижроия кенгаши таркибига сайланди. Кенгашдаги фаол иштирок эса Ташкилот ваколати доирасида мамлакатнинг манфаатларини янада изчил ҳимоя қилишга кўмак берди.

Мамлакат ҳукумати расмий делегациялари Доимий ваколатхона кўмагида ЮНЕСКО бошқарув органлари – Ижроия кенгаши ва Бош конференция доимий сессияларида иштирок этди.

Ўзбекистон таълим тизимини такомиллаштириш, шунингдек, мамлакатда ислоҳотларни босқичма-босқич амалга татбиқ этиш бўйича турли мавзуларда брифинг ва семинарлар ташкил этилди.

Ҳисобот даврида Доимий ваколатхона томонидан, шунингдек, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ривожлантириш, қолаверса, халқаро жамоатчиликка мустақиллик йилларида мамлакат қўлга киритган ютуқлар хусусида атрофлича маълумот бериш мақсадида туркум тадбирлар уюштирилди.

– 2013 йил 24-28 август кунлари ЮНЕСКО Бош директори И.Бокованинг Ўзбекистонга илк расмий ташрифи ташкил этилди. Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов, Бош вазир ўринбосари А.Икромов, Ташқи ишлар вазири А.Комилов билан учрашувлар бўлиб ўтди.

– 2008 йил октябрда Тошкентда “Буюк ипак йўли мамлакатларида маданий туризмни ривожлантириш ва оммалаштириш йўллари” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.

– Доимий ваколатхона томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон юридик тизими замонавий ҳолати ва ривожлантириш истиқболларига ёшларнинг қизиқишини ошириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида суд ислоҳотлари: илғор тажриба ва истиқболлар” мавзусида талабаларнинг йиллик олимпиадаси ўтказилди (2010 йил).

– 2010 йили Парижда Ўзбекистон ҳақида “France 2” етакчи француз телеканали суратга олиш гуруҳи тайёрлаган ҳужжатли фильм тақдимоти ўтказилди. Фильм икки марта намойиш этилди, шунингдек, Франциядаги йирик давлат компанияси –  “France Televisions” гуруҳига кирувчи ушбу телеканал веб-сайтига жойлаштирилди.

–  Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар бисотини асраб-авайлаш бўйича ЮНЕСКО лойиҳасини амалга ошириш учун Саудия Арабистони ҳукумати ажратган 361,769.50 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни жалб этиш масаласига эътибор қаратилди. Ушбу лойиҳа Шарқшунослик институти мутахассисларининг нодир қўлёзмаларни муҳофаза этиш бўйича таянч билимини ошириш, институтни тарихий ҳужжатларни асраб-авайлаш учун зарур бўлган ускуна ва ашёлар билан таъминлашга қаратилган.

– “Питие-Сальпетриер” клиникаси қошидаги Онкология тиббий маркази директори, профессор Д.Кайятнинг Ўзбекистонга ташрифи масаласи ишланди. Бундан кўзланган мақсад замонавий ташхис методлари юзасидан фикр алмашиш, саратон касалликларини барвақт аниқлаш ва даволаш бўйича Европа тажрибасини кенг қўллаш ҳамда мамлакатдаги онкология муассасалари фаолияти билан танишишдан иборат (2010 йил).

– Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги тантанасига бағишланган тадбирлар доирасида, Европада Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий меросини оммалаштириш мақсадида 2010 ва 2011 йилларда Франциянинг Прованс–Альп–Ложувард соҳил минтақаси Динь-ле-Бэн шаҳрида ташкил этилган Лаванда халқаро кўргазмасида мамлакат иштироки таъминланди. Ўзбекистон Республикаси стендида мамлакатнинг амалий ва тасвирий санъат намуналари намойиш этилди. Қатнашчиларга Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Франциянинг бир қатор ОАВда мақолалар чоп этилди, радиоэшиттиришлар эфирга узатилди. Жумладан, “La Provence” газетасида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган учта мақола эълон қилинди. Бундан ташқари, журналистларга мамлакат хусусида маълумотлар тақдим этилди. Шу асосда тайёрланган махсус репортажлар эса Альп–Юқори Прованс департаменти радиоканалларида эфирга берилди.

– 2010 йили Бордо шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Гран-приси учун II халқаро турнир ташкил этилди. Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикасининг салоҳияти ҳамда мамлакат санъат усталарининг концерт дастури тақдим этилди.

Шу йилнинг ўзида Доимий Ваколатхона томонидан Франция Сенатида “Ўзбекистон французлар нигоҳида” номли фотокўргазма ташкил этилди.  Унда Ўзбекистонга ташриф буюрган француз дипломатлари, тадбиркорлари ва туристларининг республикадаги замонавий ҳаёт, шарқ колорити ва этник ўзига ҳосликни акс эттирувчи фотосуратлари намойиш этилди.

– Ўзбекистон маданий меросини ҳужжатлаштириш бўйича марказ ташкил этиш масаласи ишланди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги лойиҳанинг асосий ҳамкори бўлди. Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг тарихий-меъморий ва археология ёдгорликларини ҳужжатлаштириш учун рақамли компьютер жиҳозларини харид қилиш кўзда тутилган. (2010)

– Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институти базасида ёш олимлар учун Экспериментал кимё марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.  (2010)

– Тошкент ахборот технологиялари университетида (ТАТУ) Илмий ахборот марказига асос солинди. ТАТУ, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Олий аттестация комиссияси ва Давлат тест маркази ҳамкорлигида амалга оширилган лойиҳадан кўзланган мақсад Ўзбекистон олимлари ютуқлари хусусида илмий-маърифий ахборот тақдим этишдан иборат. (2010)

– Европа жамоатчилигини Ўзбекистон 20 йиллик мустақил тараққиёт даврида эришган ютуқлар, унинг бой маънавий-тарихий ва маданий мероси, иқтисодий, сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти билан таништириш мақсадида 2011 йили француз тилида ҳар чоракда чоп этиладиган “Ouzbek’infos” рангли-безакли журнал фаолияти йўлга қўйилди.

– Тие шаҳрида (Франция) бадиий гимнастика бўйича тўққиз босқичли Гран-прининг учинчи босқичида ўзбекистонлик спортчиларнинг иштироки таъминланди. Халқаро турнирда 24 мамлакатнинг 150 нафар кучли спортчиси қатнашди (2011 йил).

– Монпелье шаҳрида бўлиб ўтган бадиий гимнастика бўйича 31-жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштироки таъминланди. Ушбу турнир мутахассислар томонидан 2012 йили Лондонда ўтган ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритиш учун муҳим имконият деб баҳоланган.

– Ўзбекистоннинг боғ-хиёбон меросини тиклаш ва асраб-авайлаш, Ўзбекистон Республикаси музейларининг тарихий боғ ва хиёбонлар соҳасидаги хорижий жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш мақсадида  Доимий ваколатхона 2016 йил декабрда Шаҳрисабз тарихий марказида “Ўзбекистоннинг анъанавий боғ-хиёбон маданияти” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилишига кўмак берди.