Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази

13 Nov 2016

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази бундан 12 йил аввал “Сен ёлғиз эмассан” болалар фондининг Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида ташкил топган.

centre

Бу марказда имконияти чекланган болаларга ташхис, даволаш ҳамда реабилитация бўйича ҳар тамонлама ёрдам кўрсатилади.

Юқори малакали мутахассисларимиз марказга қатновчи ҳар бир боланинг жисмоний ва ақлий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда индивидуал машғулот дастурларини ишлаб чиқадилар. Марказдаги барча хизматлар бепул кўрсатилади.

Бизнинг энг бирламчи мақсдларимиздан бири – ногирон болаларни ижтимоий мослашувида ҳар томонлама ёрдам бериш; уларни ёлғизланиб, ижтимоий ҳаётдан четланиб қолишларини олдини олишдир. Жамиятда бундай болаларга бўлган муносабат ўзгариши лозим, инсонлар бу болажонларда авваламбор ўз фикри, идроки, қувончи ва ташвишларига эга бўлган шахсларни кўришлари лозим.

centre_1Марказимизга Ўзбекистоннинг турли вилоятларида истиқомат қилувчи болажонлар қатнайдилар. Ўз фарзандини даволаш учун марказимизга қатнаш истагида бўлган, вилоятларда истиқомат қилувчи оилаларга қулайлик яратиб бериш мақсадида марказимизнинг бўлинмаларини бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этишни ўзимизнинг бирламчи вазифаларимиздан деб белгилаганмиз. Сўнгги икки йил мобайнида марказимиз бўлимлари Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида фаолият кўрсата бошлади. Айни пайтда ҳукумат идоралари билан биргаликда марказнинг Қарши шаҳридаги бўлинмасини очиш ҳаракатидамиз. Мақсадимиз – келажакда марказимиз филиалларини ватанимизнинг барча вилоятларида ишга туширишдир.

Марказнинг жорий йил бошидан амалга оширган фаолиятини таҳлил қилар эканмиз, муолажа учун қатнаган болаларинг 72 фоизида ижобий ўзгаришлар кузатилганини таъкидлаш лозим.

centre_2Марказимиз ҳукумат идоралари билан биргаликда ногирон болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этиш борасида бир қатор чора-тадбирларларни амалга оширган.

Кўпчиликка маълум бўлганидек, ўтмишда ногирон болаларнинг оилаларига қўпинча фарзандларидан воз кечиб, уларни маҳсус давлат муассасаларига топширишни маслахат қилишар эди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, марказимиз давлат идоралари билан биргаликда ногирон болаларни айнан оилада, оила муҳитида униб ўсишини ҳимоя қилиш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ҳусусан, бир неча вазирлик ва идоралар билан биргаликда марказимиз Мурувват уйлари қошида кундалик парваришлаш марказларига асос солинишига оид Вазирлар маҳкамаси қарорининг ташаббуси билан чиққан.

centre_3

Ушбу лойиҳада болажонларни ўз оиласидан ажратмаган ҳолда уларни малакали мутахассислар кўриги остида бўлиши учун керакли шарт-шароит яратиб бериш кўриб чиқилган. Ушбу марказлар фаолиятида ҳар бир болажонга индивидуал ёндашувни таъминлашга катта эътибор бериш кўзда тутилган.

Шунингдек, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ва Ўзбекистон меҳнат вазирлигининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Мурувват уйларида ижтимоий ишчи ва логопед иш ўринлари жорий этилди. Марказимиз ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ривожланишида нуқсони бўлган болаларга ўз вақтида ташхис қўйиш мақсадида эрта ёрдам бериш хизматлари жорий этилди. Айни вақтда ушбу хизматлар Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманганнинг поликлиникаларида ишламоқда.

Халқ таълими, соғлиқни сақлаш, молия вазирликлари билан биргаликда Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш Концепциясининг лойиҳаси ишлаб чиқилди, шунингдек, фарзандларидаги таълимга бўлган эҳтиёж ҳамда таълим шакллари борасида ота-оналарнинг хабардорлигини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

centre_4

Марказимиз соғлиқни сақлаш, таълим ва меҳнат вазирликлари билан ҳамкорликда бир неча қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш ташаббуси билан чиққан. Хусусан, “Болалар ҳуқуқларининг кафолатлари” ва “Васийлик ва ҳомийлик” тўғрисидаги қонунлар 2008 ва 2014 йилларда қабул қилинди. Айни пайтда “Ижтимоий хизматлар” тўғрисидаги қонун лойихаси Сенат томонидан кўриб чиқилмоқда.

Марказимиз ва давлат идоралари томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар шарофати билан жамиятимизда имконияти чекланган болаларга нисбатан муносабат маълум даражада ўзгаришига эришилди. Марказимизда болаларга кўрсатилаётган ёрдам уларнинг салоҳиятини оширишга, келажакка бўлган умидини ҳамда ишончини мустаҳкамлашга катта туртки бўлаётганини кўриш биз учун катта қувонч.

 

Лола Каримова-Тилляева
“Sen Yolg’iz Emassan” Фонди ва
Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази
Васийлик кенгашларининг Раиси