Лола Каримова-Тилляева Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси лавозимидан кетганини маълум қилди

02 Feb 2018

photo statementБугун менинг Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси вазифасидаги сўнги иш куним. Ўн йил давомида дипломат сифатидаги фаолиятим албатта ҳаётимнинг муҳим қисмига айланган эди. Мен ушбу бебаҳо тажриба, фаолиятим мобайнида танишган ва бирга ишлаган инсонлар ҳамда энг муҳими – ўз она ватанимга хизмат қилиш имкониятига эга бўлганимдан беҳад мамнунман. Ортга назар солар эканман, ваколатхонамиз амалга оширган ёрқин лойиҳаларни ёд оламан.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонаси 2008-2017 йиллардаги фаолияти мобайнида Наврўз халқ байрами, Катта ашула, ўзбек палови анъаналари, Бойсун маданий мероси, Шашмақом ва Аския ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди.   2016 йили дунёдаги энг катта тоғ тизмаларидан бири, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудини қамраб олган Ғарбий Тянь-Шань Бутунжаҳон маданий ва табиий мерос рўйхатига кирилди. 2017 йил декабрь ойида атлас ва адрас тўқиш анъанавий технологияси ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни асраб-авайлаш бўйича илғор тажрибалар рўйхатидан жой олди.

Мен ЮНЕСКОдаги элчилик вазифасини тарк этишга қарор қилган бўлсам-да, маданият, таълим, илм-фан ва атроф муҳитни асраш соҳасидаги лойиҳаларга оид фаолиятимни давом эттириш ниятидаман.

Мен, шунингдек, “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси ишини давом эттириш, ва оғир юрак хасталиклари билан оғриган болаларга француз шифокорлари билан ҳамкорликда жарроҳлик муолажаларини ўтказиш бўйича дастурларни амалга оширишни давом эттириш мақсадидаман. Шунингдек, имконияти чекланган болажонларга ва ёрдамга муҳтож бошқа ўзбекистонлик болаларга кўмак дастурларини давом эттирамиз.  

Менинг расмий веб саҳифамда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси томонидан, 2008-2017 йилларда амалга оширилган ишлар хусусидаги ҳисобот билан танишишингиз мумкин.

Лола Каримова-Тилляева