Лола Каримова-Тилляева Ўзбекистон гимнастика федерациясининг президенти лавозимини тарк этди

06 Mar 2018

post GymnasticsЛола Каримова-Тилляева Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти лавозимидан кетишини эълон қилди.

“13 йиллик фаолиятимдан сўнг Ўзбекистон гимнастика федерацияси Президентлиги лавозимини тарк этишга мажбур эканлигимни эълон қилмоқчиман. Мен барча спортчиларимиз, федерациянинг бутун мураббийлар жамоаси ҳамда барча ишчи ходимларига аъло бажарилган фаолиятлари, ушбу спорт турини юқори даражага кўтаришдаги ҳиссалари, унинг ривожланиш йўлида тинимсиз меҳнатлари ҳамда ғайратлари учун чин дилимдан ташаккур билдирмоқчиман. Осиё Гимнастика Иттифоқининг фаҳрий Президенти лавозимини сақлаб қолган ҳолда, мен ушбу ажойиб спорт турининг ашаддий муҳлисларидан бўлиб қоламан ҳамда бизнинг ўзбек гимнастларимизга келгуси фаолиятларида омад ва ғалабалар тилайман!” – деди Лола Каримова-Тилляева ижтимоий тармоқлардаги ўз расмий саҳифаларида.

Лола Каримова-Тилляева 2005 йилдан, яъни Ўзбекистон гимнастика федерацияси ташкил этилган йилдан бери унинг президенти вазифасида фалият юритиб келган. Янги гимнастика федерацияси илгари мустақил равишда фаолият юритиб келган 4та гимнастика федерацияларини бирлаштириш натижасида ташкил этилган эди. Ўз ичига бадиий ва спорт гимнастикасини, трамполин, акробатика ва умумий гимнастикани олувчи ягона федерациянинг яратилиши гимнастиканинг Ўзбекистонда ривожланиши ва ўзбек гимнастикасининг жаҳон саҳнасидаги мавқеини кўтаришда катта аҳамият касб этди.

Лола Каримова-Тилляева 2007 йилда спортчилар машғулотларининг унумдорлигини оширишга йўналтирилган ҳамда улар саломатлиги, пархези ва рухий ҳолатини кузатиб борувчи мутаҳассисларни ўзида мужассам этган гимнастика бўйича олий спорт маҳорати мактабини ташкил этиш режасига етакчилик қилди, ва ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 2010 йилнинг охирида болалар ва ўсмирлар учун бадиий гимнастика буйича Республика маҳсус  спорт мактаби ташкил этилди.

Ўзбекистон гимнастика Федерацияси спортчиларининг сўнгги йилларда нуфузли халқаро мусобақаларидаги ғалабалари туфайли юртимиз бадиий гимастика соҳасида дунёда ўз мавқеига эга бўлди.

2014 йилда Жанубий Кореяда бўлиб ўтган Осиё уйинларида ўзбекистонлик гимнастикачи қизлар бадиий гимнастика бўйича гуруҳ ҳисобида олтин медалга сазовор бўлиб, Ўзбекистон гимнастика Федерациясига Осиё қитъасида биринчиликни олиб келдилар. Ўша йили Малайзияда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида эса ўзбекистонлик юниорлар юқори натижаларга эришиб, олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган эдилар.

2015 йилда эса Ўзбекистон терма жамоасининг аъзолари бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионатида жамоа ҳисобида олтин медалга сазовор бўлиб, қитъада биринчиликни сақлаб қолдилар.

2016 йилда ўзбекистонлик гимнастчи Оксана Чусовитина Гиннесс рекордлари китобига энг кўп Олимпиада ўйинларида кетма-кет иштирок этган гимнастчи аёл сифатида киритилди.

2010 йилнинг декабрь ойида Осиё гимнастика уюшмасининг (AGU) Бош Ассамблеяси томонидан Лола Каримова-Тилляева Осиёда гимнастикани ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун AGUнинг Фаҳрий Президенти этиб тайинланди.

2016 йилнинг декабрь ойида Лола Каримова-Тилляева спорт соҳасида гендер тенгликни илгари суриш борасидаги қилган саъй-ҳаракатлари учун Халқаро олимпия қўмитаси томонидан «Аёллар ва спорт» дипломи билан тақдирланди.

2018 йилнинг февраль ойида Халқаро гимнастика федерацияси (FIG), 2017 йил якунларига асосланган ҳолда, 148 миллий федерациядан энг илғор ўнталиги рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатда Ўзбекистон гимнастика федерацияси олтинчи ўринни эгаллади.

Гимнастика федерацияcининг фаолиятини баҳолаш жараёнида гимнастика турларини ривожлантириш йўлидаги ишлар, йирик халқаро мусобақаларни, FIG академиялари ва семинарларини юқори даражада ўтказиш, Халқаро гимнастика федерацияси тадбирларида ҳакам ва мураббийларнинг фаоллиги, шунингдек, энг йирик халқаро мусобақаларда гимнастларимизнинг иштирокига эътибор берилди.