Лола Каримова-Тилляева “Глобал Гифт” хайрия ташкилотининг гуманитар мукофоти билан тақдирланди

15 May 2016

 

Global GiftЎзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси Лола Каримова-Тилляевага “Глобал Гифт” хайрия Фонди томонидан таъсис этилган гуманитар мукофот тақдим этилди.

Мукофот билан тақдирлаш маросими Франциянинг Канн шаҳрида бўлиб ўтди. Мукофотни “Global Gift Foundation” ташкилоти номидан машҳур актриса ва филантроп Ева Лонгория топширди.

Мукофотни топширар экан “Глобал Гифт” ташкилоти Лола Каримова-Тилляеванинг хайрия фаолияти ҳамда у раҳбарлик қилувчи “Sen Yolg’iz Emassan” Фонди ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази томонидан ёрдамга муҳтож болалар ва оилаларга берилиб келаётган кўмакни алоҳида таъкидлаб ўтди.

“Глобал Гифт” Фондининг гуманитар мукофоти кенг хайрия фаолияти билан шуғулланувчи шахсларга тақдим этилади.

Global Gift1“Ушбу мукофотга сазовор бўлиш мен учун жуда катта шарафдир. Бу нафақат менинг ҳаракатларимни, балки Ўзбекистондаги Меҳрибонлик уйларида тарбияланувчи болажонлар ҳаётини яхшилашга ҳамда махсус эҳтиёжли болаларга кўмак бериб уларнинг имкониятларини оширишга ўзларини бахшида этган барча инсонлар фаолиятини тан олувчи мукофотдир. Бу бизнинг ишимизда кишига катта далда ва дастак манбаидир,” – деб ўтди Каримова-Тилляева хоним тақдирлаш маросимида.

Лола Каримова-Тилляева Ўзбекистондаги иккита хайрия ташкилотларига бошчилик қилади.

Global Gift2“Sen Yolg’iz Emassan” хайрия фонди Лола Каримова-Тилляева томонидан 2002 йилда Ўзбекистондаги ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган.  Орадан икки йил ўтгач, 2004 йилда Каримова-Тилляева хоним имконияти чекланган болаларга даволаш ва таълим соҳаларида ёрдам берувчи хайрия ташкилоти – Республика болалар ижтимоий мослашуви марказига асос солди.

«Sen Yolg’iz Emassan» хайрия фонди Ўзбекистондаги бир қатор Меҳрибонлик уйларида таъмирлаш, капитал реконструкция, қурилиш ва тубдан жиҳозлаш ишларини олиб борди, натижада ушбу Меҳрибонлик уйларида болаларнинг яшаши, ҳар томонлама ривожланиши ҳамда таълим олиши учун зарур бўлган барча шароитлар яратилди.