Лола Каримова-Тилляева Самарқанд Болалар уйини қайта таъмирлашдан сўнг очиб берди

26 Sep 2013

26 сентябрь куни “Sen Yolg’iz Emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармасининг Васийлик Кенгаши раиси Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляев Самарқанд шаҳридаги 10-сонли Меҳрибонлик уйида капитал созлаш ва реконструкция ишлари тугаши муносабати билан унинг тантанавий очилиш маросимида иштирок этдилар.

10-сонли Меҳрибонлик уйи 1943 йилда ташкил этилган бўлиб, 70 йил мобайнида унда 1418 бола улғайиб ҳаётда ўз ўринларини топди. Бугунги кунда бу ерда 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган ота-она қарамоғисиз қолган 138 табола тарбия олиб келмоқда.Уларга 40 та педагогик кадрлар таълим-тарбия бермоқда.

Мехрибонлик уйининг 1987 йилда қурилган биноси ўтган давр мобайнида бирор марта капитал таъмирланмаган, талаб ва санитар нормаларга жавоб бермас эди. Тарбияланувчилар учун оддий маиший қулайликлар, мустақил таълим олиш ва спорт билан шуғулланиш учун шароитлар яратилмаган эди.

Меҳрибонлик уйида реконструкция ва қурилиш ишлари 2013 йилнинг феврал ойида бошланди. 7 ой давомида таъмирлаш ишлари бажарилиб, Мехрибонлик уйи тўлиқ жиҳозланди. Ҳозирги кунда бу ерда 140 ўринга мўлжалланган ётоқхона, 8 та гурух хоналари, 10 тадан ортиқ ўқув хоналари, кўргазмалар зали, музей, кенг ошхона, катта ўқув зали, кутубхона, спорт зали, 5 та замонавий тиббиёт хоналари ҳамда спорт мажмуаси мавжуд.

Лола Каримова-Тилляева болажонларга қарата айтган сўзларида шундай деди: Сиз учун, сизнинг сифатли ҳаёт кечиришингиз учун барча зарур шароитларни  яратишдан бахтиёрмиз. Таъмирлаш ишларида биз сизларнинг қизиқишларингизни ҳамда замонавий қулайликларни инобатга олган ҳолда, қўшимча таълим, спорт ва касбий тайёргарликка ҳам аҳамият бердик. 

Мен сизнинг ойдин келажагингизга ишонаман! Сиз эртага ҳаётда муносиб ўрин топиб, мақсадингизга эришиш учун ўзингизда етарлича билим, куч ва ғайрат топа оласиз, дея умид қиламан. Бизнинг Фондимизнинг асосий мақсади ҳам шунда. Биз эса бунинг учун қўлимиздан келгунча ҳаракат қиламиз”.

Мехрибонлик уйининг янгиланган бинолари барча замонавий талабларга, санитар ва ёнғин ҳавфсизлиги нормаларига бутунлай жавоб беради. Биноларнинг электр ва сув таъминоти, вентиляция, хоналарни иситиш тизими янгиланди. Меҳрибонлик уйининг ҳудуди ободонлаштирилиб, болалар майдончалари қурилди.

Жажжи тарбияланувчилар учун гуруҳлар уларнинг ёшига мос бўлиб, уларда турли ривожлантирувчи уйинлар болажонлар эхтиёрига топширилиб, болалар учун мўлжалланган шинам анжомлар ўрнатилди. Болаларнинг бўш вақтларида спорт билан шуғулланишлари учун янги футбол майдони қурилиб, спорт заллари зарур замонавий анжомлар билан таъминланди.

Тиббий блок бутунлай қайта таъмирланиб, муолажа хонаси, изолятор, шифокор хоналари ва даволаш хоналарини ўз ичига олди.

Тарбияланувчилар учун компьютер хонаси, кутубхона, қўшимча машғулотлар хонаси, хореография зали таъминланган бўлиб, болалар учун замонавий технологиялар асосида яратилган барча қулайликлар болаларнинг интеллектуал, жисмоний ва маънавий салоҳиятини ривожлантириш учун кўпроқ имкониятлар яратади.