Каримов Фонди ХХ аср тасвирий санъат устаси Чингиз Аҳмаровнинг ижодига бағишланган китобни нашр этди

26 Aug 2018

Каримов Фонди ХХ аср тасвирий санъат устаси Чингиз Аҳмаровнинг ижодига бағишланган китобни нашр этди

IMG_5736

Каримов Фондининг навбатдаги ноширлик лойиҳаси “Сўнмас ёғду” дея номланади. Мазкур китоб ХХ аср тасвирий санъат устаси, Ўзбекистон халқ рассоми, рассом-монументалист ва портретист, ўз тасвирий санъат мактабини яратган уста-муаллим Чингиз Аҳмаровнинг ижодига бағишланган фундаментал нашрдир. Рассомнинг санъат асарлари, архив материаллар, шунингдек, замондошлари ва ўқувчилари хотиралари китобдан ўрин олган.

Китоб муаллифи, санъатшунослик доктори Акбар Ҳакимов уникал архив фотосуратлар ёрдамида китобхонларга Чингиз Аҳмаровнинг ижод ва ҳаёт йўлини очиб берди. Нашрда устоз асарларидан кўплаб наъмуналар илк маротаба нашр этилмоқда.

IMG_5739

Бугунги кунда Каримов Фонди мазкур китобнинг инглиз тилидаги нусхасини нашр этиш устида иш олиб бормоқда.

“Сўнмас ёғду” китоби Ўзбекистон ўқув юртлари кутубхоналари, бадиий ва ижодий уюшмаларга тарқатилади ҳамда китоб дўконларида сотувга қўйилади.

Ҳаётининг аксарият қисмини Чингиз Аҳмаров Ўзбекистонда яшаб ўтди. Айнан бу ерда унинг маҳобатли рангтасвир, дастгоҳли рангтасвир ҳамда дастгоҳли ва китоб графикасига мансуб асарлари дунёга келди. Рассомнинг Алишер Навоий асарлари мавзусида ишланган лирик фрескалари бугунги кунда Тошкентдаги опера ва балет театри деворларини безаб турибди, маҳобатли рангтасвир асарлари ва декоратив панноларини Шарқшунослик институтида кўришимиз мумкин. Аҳмаровнинг маҳобатли-декоратив паннолари Самарқанддаги Улуғбек музейида санъатсеварлар эътиборига ҳавола этилган.

IMG_5737

Чингиз Аҳмаровнинг ХХ аср санъатига қўшган ҳиссаси, рассом санъат фалсафасининг Ўзбекистон миллий маданиятига, шунингдек, бир қатор замондошлари, издошлари ва шогирдларининг ижодий тафаккурига қилган таъсири бугунги кунда намоён бўлмоқда.

“Сўнмас ёғду” китоби кенг ўқувчилар оммасига, шунингдек, ХХ аср санъатшунос-мутаҳассислари, маданият тарихчиларига мўлжалланган.