"Droplet" эко арт лойиҳаси

14 Sep 2017

THEDROPLET_1193

“The Harmonist” бренди “Томчи” (The Droplet) деб номланган эко инсталляцияни тақдим этади. Инсталляция Парижнинг Monnaie de Paris музейида жорий йил 6-20 сентябрь кунлари бўлиб ўтган AD INTERIEURS 2017 кўргазмаси доирасида илк бор намойиш этилди. “The Harmonist” ушбу арт лойиҳа орқали сув манбаларини муҳофаза этиш, шунингдек, глобал исиш ва иқлим ўзгаришининг ҳалокатли оқибатлари каби муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратишга ҳаракат қилади.

“Биз сув ресурсларидан қандай фойдаланамиз? Глобал исиш яқин келажакда инсоният ҳаётига қандай таъсир кўрсатади? Cув манбалари муаммоларига муносабатимизни қай йўл билан ўзгартириш мумкин?

Лойиҳамиз бугун инсоният учун ҳаёт-мамот масаласига айланган шу каби мавзулар бўйича мунозара майдони саналади.

“The Harmonist” бренди фалсафаси борлиқнинг тамал тоши бўлган олов, тупроқ, маъдан, сув ва ёғоч каби беш унсур кундалик ҳаётимизда қанчалар муҳим ўрин тутишини англашга асосланади. “The Harmonist” атроф-муҳит муҳофазасини кўзлаган ҳолда, инсониятнинг соғлом ҳаёти омили саналган беш унсурни асраб-авайлаш ва муҳофаза қилишга қаратилган ўн йиллик лойиҳани амалга оширишга киришади.

Сув – ҳаёт манбадир. Инсон танаси 60 фоиз сувдан иборат. Инсон тана аъзоларининг фаолиятида ҳам оби ҳаёт муҳим ўрин тутади. Қолаверса, бутун сайёрамиз экотизимининг барқарорлиги сув манбаларига боғлиқ.

Рассом Маркос Лютьенс билан ҳамкорликда яратилган арт-объект томчи кўринишида бўлиб, унда сув, унинг ифори, товуши ва бугунги глобал исиш ҳолатига доир маълумотлар мужассамдир. Қалб торларини чертувчи санъат инсонларга кучли таъсир кўрсата олади, деб ҳисоблайман. Шу боис ҳам, жамоатчиликни глобал исиш ва иқлим ўзгариши масалаларидан воқиф этиш мақсадида санъат кучидан фойдаланишга аҳд қилдик. Санъат эса инсонларни маълум мақсад-интилишлар йўлида илҳомлантириш ва бирлаштиришдек фавқулодда кучга эга.

“Томчи” лойиҳамизни тақдим этар эканмиз, жаҳон аҳлининг сув тақчиллиги ва оби ҳаётни муҳофаза этиш бўйича хавотиру ташвишларига биз ҳам шерик эканимизни билдирамиз.

Лола Каримова-Тилляева

 

 

 “Dropletнима ўзи?

 “Droplet” (“Томчи”) – бўйи 12, эни 6 метрли интерфаол арт-объект. Алюмин қурилмадан ясалган инсталляция дунёнинг турли минтақаларида ўтказиладиган глобал сув муаммоларига оид анжуман, симпозиум ва семинарларда намойиш этилади. “Томчи” асари дунёнинг турли минтақаларида оби ҳаётнинг тарихий ролини кўрсатиб бериш ҳамда сув манбалари ва атроф-муҳит муҳофазаси муаммоларига жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида яратилган.

Эшитиш, ҳидлаш, кўриш ва ушлаб кўриш сезгилари орқали таъсир кўрсатадиган “Droplet” инсталляцияси сув манбаларини асраш ва бошқаришга доир баҳс-мунозаралар учун майдон саналади. Peter Gleick, Omar Yaghi, Mat England, Richard Seager, Phil Jones каби олимларнинг инсталляция бўйлаб жойлаштирилган иқтибослари лойиҳанинг муҳим таркибий қисмидир. Мактаб ўқувчилари томонидан жамланган ушбу иқтибослар сув манбалари муаммосини тўлиқроқ англаш ва бу борадаги мунозараларни жонлантиришга хизмат қилади.

“Droplet”ни қаерда томоша қилиш мумкин?

Илк марта сентябрь ойида Парижда кўргазмага қўйилган экспонат икки йил давомида дунёнинг турли минтақаларида намойиш этилади.

Photoapprouve2

Халқаро ҳамкорлик

“The Harmonist” бренди кўмагида амалга оширилган лойиҳанинг ташаббускори Лола Каримова-Тилляева бўлиб, у ғояни рўёбга чиқаришга бош-қош бўлди.

Инсталляция рассом Маркос Лютьенс томонидан қуйидагилар кўмагида яратилди:

  • мураккаб ва ҳайратомуз скульптура ҳамда меъморий иншоотларни қуриш борасида катта тажрибага эга конструктор Скотт Фришауэр.
  • ифорга алоқадор илмий, ижтимоий ва ижодий ғоя ҳамда ишланмаларни қўллаб-қувватлаб келаётган Санъат ва ифор институти.

Шунингдек, Alberta Pane галереяси ҳамда Северин Бадер хонимга миннатдорлик билдирамиз.

 

 

Lola Vision opt 1-483A7625

Лола Каримова-Тилляева ва “Томчи” лойиҳаси

Бугун биз бутун дунё бўйлаб иқлим ўзгариши туфайли рўй бераётган оммавий офатларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Ушбу даҳшатли табиий офатлар инсониятнинг масъулиятсизларча муносабатига сайёрамизнинг жавоби эканини тан олишимиз, буни чуқур англашимиз вақти келди. Иқлим ўзгариши, авж олаётган қурғоқчилик, вайронкор тўфонлар ва тошқинлар биз – сайёранинг бугунги аҳолиси учун одатий воқеликка айланмаслигини тилаймиз. Мавжуд вазиятни ўнглаш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.  Улардан  айримлари – ҳаёт тарзимизни экологик талабларга мувофиқ ўзгартириш, кўл ва дарёларни тозалаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш, дарахт экиш, атроф-муҳит масалаларида жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишдан иборат. Авваламбор, аянчли оқибатлар муқаррарлигини англаб, масъулиятни теран ҳис этишимиз зарур.

Техноген жараёнлар ҳаёт сифатини яхшилаб, турфа қулайликлар яратиб қолмай, инсониятни табиатдан буткул тўсиб қўйди. Табиатга менсимай муносабатда бўлиш авж олди.  Бу хато эса барчамизга қимматга тушиши мумкин.

Ўйлаб кўринг, агар Ернинг шаклланганидан бошлаб бутун “умр”ини бир йил деб қабул қилсак, биз – homo sapiens вакиллари Ер “умр”ига нисбатан бор-йўғи 12 дақиқа яшаган бўламиз. Инсоният цивилизациясига қадар Ерда биздан-да тараққий этган тамаддун бўлгани ҳақидаги назариялардан хабардормиз, аммо бу ҳам уларни буткул қирилиб кетишдан қутқариб қола олмади. Иқлим ўзгариши туфайли юзага келган офатларни тўхтатиб қолиш мумкинлигига ишонгимиз келади ва биз нафақат замондошларимиз, балки келажак авлод учун ҳам атроф-муҳитни асраб-авайлаш ишига муносиб ҳисса қўшишни бурчимиз деб биламиз.

Мен “Томчи” эко арт лойиҳамизни тақдим этиш имконига эга бўлиб турганимдан мамнунман. Рассом Маркос Лютьенс билан ҳамкорликда яратилган арт-объект томчи шаклидаги инсталляция бўлиб, унда сув, унинг ифори, товуши, шунингдек, бугунги глобал исишга доир маълумотлар мужассамдир.

Санъатнинг кучи

Иқлим ўзгариши борасида жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш мақсадида санъат кучидан фойдаланишга аҳд қилдим. Қалб торларини чертувчи санъат инсонларга кучли таъсир кўрсата олади, деб ҳисоблайман.

Ушбу лойиҳанинг визуал ифодаси сифатида томчи рамзини яратдик. Томчи, сиртдан қараганда оддий, аммо чуқур разм солинса, у нафис эканини кўриш мумкин. Бу энг муҳим унсур саналган сувнинг омонат неъмат экани тимсолидир.  Асосий мотив сифатида томчи шаклидан фойдаланар эканмиз, оби ҳаётнинг бутун экотизимда муҳим ўрин тутишига урғу бердик.

“Томчи” лойиҳаси дунё бўйлаб икки йил давомида намойиш этилади ва жамоатчиликнинг нафақат сувга доир долзарб муаммолар, шунингдек, иқлим ўзгаришининг ҳалокатли оқибатлари бўйича хабардорлигини ошириш ҳамда бу борада мунозараларга киришишга хизмат қилади. Санъат ушбу муаммони ечиш борасида инсонларни бирлаштириш ва илҳомлантиришдек фавқулодда кучга эга эканига ишонаман. “Уй” тушунчамиз ўзимиз яшайдиган хонадон билан чекланиб қолмаслиги керак. Зеро, Ер сайёраси – барчамизнинг Уйимиздир.

Marcos Vision 483A7680

Маркос Лютьенснинг нуқтаи назари

Мен учун “Томчи” бу – рамзий-истиоравий асар. Негаки, биргина томчи бутун сайёрамиздаги – вужудимиз ҳамда атрофимиздаги сув бойликларини ифода этади.

Ушбу инсталляция, таъбир жоиз бўлса, сув муаммоларини кўзгудек акс эттиради. Бу шунчаки қизиқарли арт-объект бўлиб қолмай,  океан сатҳининг кўтарилиши, қурғоқчилик, сув тошқинлари, миграция ва урушлар, экотизимнинг ҳалокати каби она сайёрамиз осойишталигига таҳдид туғдираётган турфа муаммоларни зудик билан ҳал этиш лозимлигини ёдга солади.

“Томчи” лойиҳаси интерфаол арт-объект бўлиб, томошабин Товуш, Ифор ва Тафтни ҳис этади.

Товуш дизайнида – муайян бир ҳудудга хос сувга оид шовқинлардан фойдаланилган. Масалан, лойиҳа илк бор тақдим этилган Париждаги Monnaie de Paris музейида ушбу маскан фаолиятида сувнинг тарихий ролини ифодаловчи оҳанглар янграйди. Бу бежиз эмас. Зеро, шу ерда ҳам Саноат инқилоби даврида иқлим ўзгариши муаммосининг уруғи қадалган.

Ифор муайян ҳудуднинг тарихий ришталари ва, хусусан, сувга муносабатини ифода этади.

Инсталляция атрофида ҳосил бўладиган туман қатлами орқали Тафтни ҳис этиш мумкин.

“Томчи” асари томошабин сезгиларига таъсир этиш воситасида уларда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатни уйғотиш ва табиатнинг бебаҳо неъмати саналган сувни асраб-авайлашга ундайди, деган умиддаман.

“The Harmonist”

“The Harmonist” парфюмерия бренди борлиғимиз тамал тоши саналган олов, сув, ёғоч, маъдан ва тупроқ каби беш асосий унсурнинг зоҳирий ва ботиний уйғунлиги ҳақидаги кўҳна хитой таълимотига таянади. Атоқли француз парфюмери Гийом Флавиньи дунёнинг энг асл қоришмалари асосида ўнта бетакрор ифорни ихтиро қилди. Ҳар бир инсон ушбу ифорлар орасидан ўз феъл-атвори ва ички руҳиятига мосини танлаб олиши мумкин. Махсус саралаган ифор инсоннинг ички уйғунлиги учун керак бўлган хос унсур қувватини тақдим этади.

Керакли қоришмани саралашдан тайёр маҳсулотни қадоқлашга қадар – фаолиятининг ҳар бир босқичида беминнат кўмакдош бўлган она табиатга эҳтиром изҳор этган ҳолда, “The Harmonist” бренди борлиқ асоси ва тамал тоши бўлган беш унсурга доир долзарб муаммоларни самарали ҳал этишга қаратилган хайрия лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ниятида. Бунинг тасдиғи сифатида ўн йиллик арт лойиҳага киришмоқдамиз. Ушбу лойиҳа доирасида турли рассомлар беш унсурдан бирини  янгича бадиий талқинда акс эттиради.

The Harmonist image

Сув – Ер сайёрасида ҳаёт манбаи

“The Harmonist” бренди сув тақчиллиги ва уни асраб-авайлаш бўйича жаҳон миқёсидаги хавотирларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, келгуси 10 йилдаги туркум санъат асарларини биринчиси – “Томчи” инсталляциясини тақдим этади.

“Томчи” асари дунёнинг турли минтақаларида сув муаммосига жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида ўтказиладиган анжуман, симпозиум ва семинарларда визуал санъат намунаси сифатида намойиш этилади. Ушбу ижод намунасини яратиш асносида сув манбаларининг ҳар бир ҳудудга хос тарихий аҳамияти инобатга олинган. Уни томоша қилган ҳар бир инсон бу ёруғ оламда сувнинг аҳамияти қанчалик муҳим эканини англаб етса ажаб эмас. Ушбу бетакрор инсталляция орқали биз “Уйғунлик – гўзаллик манбаидир” деган маслагимизга содиқ қолган ҳолда, бой берилган мувозанатни тиклашга ҳисса қўшиш умидидамиз.

ЛОЛА КАРИМОВА-ТИЛЛЯЕВА

Lola Karimova-Tillyaeva

Лола Каримова-Тилляева 1978 йили Ўзбекистон пойтахти Тошкентда таваллуд топган. У дастлаб халқаро ҳуқуқ йўналишида Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавр ва магистр даражасини, сўнг Тошкент давлат университетида психология фанлари номзоди илмий даражасини олган.

Ўзбекистондаги уч етакчи хайрия ташкилоти раҳбари саналган Лола Каримова-Тилляева мамлакатда таълим ва спорт соҳасини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, имконияти чекланган ҳамда ота-она меҳридан маҳрум етим болалар ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги хайрли ишлари билан танилган.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий вакили сифатида эса Лола Каримова-Тилляева цивилизациялар ўртасидаги ўзаро мулоқот ва ҳурматни мустаҳкамлаш, хусусан, Ўзбекистоннинг кўҳна маданий меросини дунёга танитишга катта аҳамият бермоқда.

Лола Каримова-Тилляева, шунингдек, Хитойнинг Фен-шуй фалсафасига асосланган ҳолда яратилган “The Harmonist” бренди концепцияси муаллифидир.

Атоқли француз парфюмери дунёнинг турли ҳудудларидаги асл табиий бирикмалардан фойдаланган ҳолда яратган ифорлар борлиқнинг тамал тоши саналган – маъдан, олов, тупроқ, сув ва ёғоч каби унсурларни ўзида ифода этган этган.

Лола Каримова-Тилляева атроф-муҳит муҳофазасига доир бир қатор хайрия ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда.

Лола Каримова-Тилляеванинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляев. Уларнинг икки қизи ва бир ўғли бор.

Рассом ҳақида

Marcos bio

“Томчи” инсталляцияси рассом Маркос Лютьенс томонидан яратилган. Лютьенс ўз асарларида мудроқ онгни уйғотиш, инсониятнинг атроф-муҳит ва барча жонли тизимлар билан муносабатини кўрсатишга интилади.

Унинг иқлим ўзгаришига доир илк йирик асари 2009 йили Лондон Қироллик бадиий академиясида “Она замин: ўзгараётган дунё санъати” кўргазмасида намойиш этилган. Ўшандан буён Лютьенс санъат ва илм-фан воситасида тириклик ва ҳаётнинг азалий жумбоқларини ечишга ёрдамлашиш мақсадида биология, нейробиология соҳасидаги олимлар билан ҳамкорликда ишлаб келмоқда.

Кўплаб халқаро кўргазмаларда муваффақиятли иштирок этган рассом Лютьенснинг фикрича, “Томчи” арт-объекти сезгиларга таъсир этиш орқали иқлим ўзгариши муаммоларини англаш ва тушунишга ёрдам беради, қолаверса, бу борадаги фикр алмашувларга йўл очади.

DSC_0342 recadrage BD