Меҳрибонлик уйлари

Меҳрибонлик уйларида болаларга уй шароитига яқинлаштирилган муҳит яратиш мақсадида «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди ўз фаолиятида болалар муассасаларида қурилиш ва созлаш ишларини молиялаштиришга ҳам катта эътибор қаратди.

Жамғарманинг молиявий ёрдами билан бир қатор Меҳрибонлик уйларида қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ушбу муассасалар қошида қўшимча таълим бинолари, кутубхоналар, янги спорт ва кўнгилочар майдончалар, ҳовузлар, маъмурий бино ва замонавий тиббиёт бўлимлари барпо этилди.

Фонднинг кўмаги билан 2003-2004 йилларда 21- ва 22-Меҳрибонлик уйларида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

23-Меҳрибонлик уйининг эски биноси Фонд томонидан 2009 ва 2012 йилларда икки маротаба таъмирланди. 2011 йилда 14- ва 30-Меҳрибонлик уйларининг ёзги оромгоҳларида таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

 

Тошкент шаҳридаги 23-Меҳрибонлик уйининг қурилиши 

23-Меҳрибонлик уйининг янги маскани «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди томонидан 2014 йилда бунёд этилди. Мазкур лойиҳа етук архитекторлар, педагоглар, психологлар, тиббиёт ходимлари, даволовчи-жисмоний тарбия мутахассислари тавсиялари ҳамда болаларнинг истак ва хоҳишларига асосланиб ишлаб чиқилди. Ҳозирда ушбу даргоҳ 21- ва 23-Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини бирлаштириб, 3 ёшдан 16 ёшгача бўлган 170 нафар болани ўз бағрига олган.

Замонавий мебель, ускуна ва буюмлар билан жиҳозланган инновацион Меҳрибонлик уйида таълим-тарбия, тиббий-соғломлаштириш ва ижтимоий-психологик бўлинмалар мавжуд. Бу бўлинмалар фаолияти болаларнинг руҳий, ақлий ва жисмоний ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган.

Таълим-тарбия ва мустақил ҳаётга тайёрлаш йўналишлари бўйича мутахассислар, яъни юқори малакали педагоглар, психологлар, тиббиёт ходимлари, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт мутахассислари жамоаси болалар билан ишлашга жалб этилди.

Меҳрибонлик уйининг 2,5 гектарлик ҳудудида маъмурий бино, қўшимча таълим биноси, тиббий хизмат мажмуаси, учта турар жой мажмуалари, спорт мажмуаси, учта бассейн, анжуманлар зали, ошхона ҳамда катта саҳнали ёзги амфитеатр жойлашган.

Болаларнинг яшаши учун учта корпус ажратилган бўлиб, гуруҳларда уй шароитига яқин кўркам муҳит яратилди. Ҳар бир гуруҳ ўз ичига бир қатор хоналарни олган бўлиб, булар шинам ётоқхона, меҳмонхона, дарсхона ва маиший хоналардир.

Спорт мажмуасида замонавий спорт анжомлари билан таъминланган катта спорт зали, иккита қишки ҳамда битта ёзги бассейн ва унга қарашли соғломлаштириш майдончаси мавжуд. Болаларнинг қизиқишларига мувофиқ футбол, стол тенниси, баскетбол ҳамда волейбол каби турли спорт тўгараклари ташкил этилган.

Болалар қўшимча таълим биносида ўз қизиқишлари асосида турли хил тўгаракларга қатнаш имкониятига эга. Бу ерда тарбияланувчилар рассомчилик, хореография, фортепиано, миллий чолғулар ва вокал йўналишлари бўйича шуғулланиши мумкин.

Шунингдек, дарсдан ташқари машғулотлар учун синфлар ташкил қилиниб, бу ерда болалар тикиш ва бичиш, сартарошлик, кулолчилик, ошпазлик, компьютер ва фотосурат сирлари каби келгусида асқотиши мумкин бўлган ҳунарларни ўрганиш имкониятига эга.

Кичкинтойлар учун «Ўйнаб, ўрганамиз» номли таълим дастури ишлаб чиқилиб, ундан Монтессори усули ҳамда болаларни мактабга тайёрловчи турли логопедик машғулотлар ўрин олган.

Меҳрибонлик уйининг катта кутубхонасида турли ўқув, илмий-оммабоп адабиётлар, юртимиз ва чет эл ёзувчиларининг энг сара асарлари жамланган.

Ушбу даргоҳнинг ўзига хослиги шундаки, унда болалар ҳар томонлама ҳамда юқори сифатли тиббий хизмат билан таъминланади. Унинг ҳудудида кенгайтирилган тиббий хизматлар мажмуи ташкил этилган бўлиб, унда педиатр, стоматолог, физиотерапевт, ортопед, лор, окулист, дерматолог ва коррекцион педагог каби тиббиёт ходимлари томонидан юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатилади. Бу ерда физиотерапия, стоматология, муолажалар хонаси, массаж, даволаш жисмоний тарбия хонаси, фитобар ва турли мутахассислар хоналари мавжуд бўлиб, ҳар бир хона халқаро тиббий стандартларга жавоб берувчи ускуналар билан таъминланган.

 

Самарқанд  шаҳридаги  6-Меҳрибонлик уйининг қурилиши

6-сонли Меҳрибонлик уйига 1943 йилда, Иккинчи жаҳон уруши даврида асос солинган. Унда мактаб ва боғча ёшидаги 100 нафардан ортиқ бола тарбияланади.

Меҳрибонлик уйининг эски биноси болаларнинг ҳаёт кечиришига умуман мўлжалланмаган эди, чунки илгари мазкур бинода прокуратура жойлашган эди. Лола Каримова-Тилляева 2013 йилнинг январь ойида ушбу Меҳрибонлик уйига ташриф буюриб мазкур муассаса учун Самарқанд марказидаги 2,1 гектарлик ер майдонида янги иншоот қуришга қарор қилди.

Меҳрибонлик уйи лойиҳасини ишлаб чиқишда етакчи архитектор, педагог ва психологлар иштирок этиб, болажонларнинг яшаши, ривожланиши ва таълим олиши учун максимал қулайликлар яратишга ҳаракат қилинди.

Янги қурилган Меҳрибонлик уйининг очилиш маросими 2015 йилнинг март ойида бўлиб ўтди. Уй ҳовлисида 9та алоҳида корпус, жумладан, ўғил ва қиз болалар учун тураржой корпуслари жойлашган бўлиб, уларда 28та ётоқхона, 34та ювиниш хоналари ва 21та ҳожатхона мавжуд.

Ўқув корпусида кутубхона, дарсхоналар, катта саҳнали 90 кишилик зал жойлашган. Бу ерда болалар тасвирий санъат, математика, кимё, информатика фанларидан қўшимча таълим олиб, хореография, драматик санъат, мусиқа ҳамда вокал бўйича ўз қобилиятларини ривожлантиришлари мумкин. Шунингдек, тикиш-бичиш, пазандалик, сартарошлик, ёғоч ўймакорлиги, дурадгорлик сингари тўгараклар ҳам ташкил қилинган.

Бассейн, катта спорт зали ва футбол майдонидан иборат спорт мажмуаси Меҳрибонлик уйидаги болаларнинг севимли масканларидан бирига айланди. Уйнинг ҳовлиси ҳам болаларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда бунёд этилган.  Ўйин майдончалари, ёзги амфитеатр, спорт шаҳарчалари – буларнинг барчаси кичкинтойларнинг мароқли ва мазмунли ҳордиқ чиқаришига мўлжалланган.

Янги турдаги тиббиёт мажмуаси педиатр, стоматолог, физиотерапевтларнинг кенг ва ёруғ хоналари, шунингдек, муолажа хонаси ва даволаш жисмоний тарбия залидан иборат.

Мазкур янги уйда болалар ҳаётининг янги босқичи бошланади, деган умиддаман. Улар муносиб таълимтарбия олиб, ҳаётда ўз ўрнини топишлари ҳар биримиз учун жуда муҳим, – дея таъкидлади  Лола Каримова-Тилляева Меҳрибонлик уйининг очилиш маросимида.

 

Самарқанд  шаҳридаги 10-Меҳрибонлик уйининг таъмирланиши

10-сонли Меҳрибонлик уйи 1943 йилда таъсис этилган бўлиб, 72 йил мобайнида унда 1400 нафардан ортиқ бола тарбия олган.

Меҳрибонлик уйининг 1987 йилда қурилган биноси ўтган давр мобайнида бирор марта ҳам капитал таъмирланмаган бўлиб, санитар меъёрларга жавоб бермас эди. Тарбияланувчиларга оддий маиший қулайликлар, таълим олиш ва спорт билан шуғулланиш учун шароит мавжуд эмас эди. Бу ерда 2013 йилда Фонд томонидан амалга оширилган реконструкция ва қурилиш ишларидан сўнг Меҳрибонлик уйи таниб бўлмас даражада ўзгарди. Энди бу даргоҳда кенг ва ёруғ тураржой мажмуалари, 10дан ортиқ ўқув хоналари, кўргазмалар зали, музей, кутубхона, компьютер синфи, хореография хонаси, кенг ошхона, дарсдан ташқари машғулотлар учун катта зал, тиббий бўлим ҳамда спорт мажмуаси мавжуд.

Сиз учун, сизнинг сифатли ҳаёт кечиришингиз учун барча зарур шароитларни  яратишдан бахтиёрмиз. Таъмирлаш ишларида қизиқишларингизни ҳамда замонавий қулайликларни инобатга олган ҳолда, қўшимча таълим, спорт ва дарсдан ташқари машғулотларга ҳам аҳамият бердик.

Мен ойдин келажагингизга ишонаман. Сиз келгусида ҳаётда муносиб ўрин топиб, мақсадингизга эришиш учун ўзингизда етарлича билим, куч ва ғайрат топа оласиз, дея умид қиламан. Фондимизнинг асосий мақсади ҳам шунда. Биз эса бунинг учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз, – деди Лола Каримова-Тилляева 10-Меҳрибонлик уйининг очилиш маросимида.

 

Чирчиқ шаҳридаги 14-Меҳрибонлик уйининг  реконструкцияси

14-сонли Меҳрибонлик уйи 1946 йилда ташкил этилган. 2013 йилда «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди томонидан бу ерда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ҳозирда Меҳрибонлик уйида 100 нафардан ортиқ 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган бола тарбияланмоқда.

Фонд томонидан амалга оширилган қайта таъмирлаш ва қурилиш ишлари натижасида даргоҳда болаларнинг яшаши ва таълим олиши учун зарур қулайликлар яратилди: тураржой хоналари, кутубхона, компьютер синфи, спорт мажмуаси, тиббий бўлим ва дам олиш хоналари қайта жиҳозланди.

Бинонинг ташқи кўриниши тубдан ўзгартирилди, электр ва сув таъминоти, хоналарни иситиш ва ёнғин хавфсизлиги тизимлари янгиланди ҳамда Меҳрибонлик уйи ҳудуди ободонлаштирилди.

Шунингдек, болаларнинг дарсдан ташқари машғулотлари учун янги бино барпо этилди. Унда болаларнинг дарс тайёрлаши ҳамда коллеж ва лицейда ўқишга тайёргарлик кўриши учун шарт-шароит яратилган.

– Болажонлар, бугунингиз ва келажагингизни чароғон қилишга ҳисса қўшдик, деган умиддамиз. Реконструкция ишларида барча қизиқиш ва истакларингизни инобатга олишга, таълим олишингиз, спорт билан шуғулланишингиз учун сизга барча шароитларни яратиб беришга ҳаракат қилдик, – дея таъкидлаб ўтди Лола Каримова-Тилляева Меҳрибонлик уйининг очилиш маросимида тарбияланувчиларга мурожаат этар экан.

 

Тошкентдаги Гўдаклар  уйининг реконструкцияси

2008 йилдан 2010 йилгача бўлган давр ичида «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди Глобал фонднинг Ўзбекистондаги лойиҳаси билан биргаликда Тошкент шаҳридаги Гўдаклар уйини янгидан жиҳозлаш ишларини амалга оширди.

Орадан 2 йил ўтгач, 2012 йилда ушбу болалар муассасаси «Sen Yolg’iz Emassan» Фондининг тўлиқ молиявий ёрдами билан капитал қайта таъмирланиб, янги ускуна ва анжомлар билан таъминланди.

Таъмирлаш чоғи асосан болалар учун уй муҳитига яқинлаштирилган, яшаш учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратилди. Хоналар янги жиҳозлар ва турли анжомлар, жумладан, телевизор, мусиқа маркази ва мини-ошханалар билан қайта таъминланди.

Гўдаклар уйининг янги тиббий мажмуасида уқалаш, даволаш жисмоний тарбия, муолажа ва физиотерапия хоналари мавжуд. Мажмуадаги барча хоналар жаҳон стандартига жавоб берувчи тиббий усканалар билан, яъни қуруқ ҳовуз, ортопедик йўлакчалар, болалар тренажёрлари ҳамда турли ўлчамдаги бўйралар билан  қайтадан жиҳозланди. Бу ишларнинг барчаси болаларнинг соғлом ўсиши ва ривожланиши учун амалга оширилди.

 

Тошкентдаги Мурувват уйининг капитал реконструкцияси

Имконияти чекланган болаларга мўлжалланган 1-сонли Мурувват уйининг капитал  реконструкцияси «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди  томонидан 2010 йилда амалга оширилди.

«Булар алоҳида эътибордаги болалар, шу боис уларга ғамхўрлик ҳам ўзига хос бўлмоғи зарур. Биз болалар учун, уларнинг ривожланиши учун зарур бўлган барча қулай, хавфсиз шароитларни яратишга ҳаракат қилдик». (Лола Каримова-Тилляева, Тошкент, 2010 йил)

 

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги ихтисослаштирилган Гўдаклар уйининг жиҳозланиши

2011 йилда «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди Қибрай туманидаги ихтисослаштирилган Гўдаклар уйини янги мебель ва бошқа зарур анжомлар билан таъминлади.

 

Тошкентдаги Саховат уйининг капитал реконструкцияси 

2008-2009 йилларда «Sen Yolg’iz Emassan» Фондининг тўлиқ моддий кўмаги билан Тошкент шаҳри Саховат уйида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Уйдаги тураржой корпуслари таъмирдан чиқарилиб, мебеллар билан таъминланди. Янги ошхона ва кирхона бинолари қурилди. Қарияларга қулайликлар яратиш мақсадида тураржой корпуслари, ошхона ва тиббий бўлимлар орасида ўтиш жойлари қурилди.

 

Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг капитал реконструкцияси

2012 йилда Фонднинг тўлиқ молиявий кўмаги билан имконияти чекланган болаларга ёрдам кўрсатувчи Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази капитал таъмирланиб, замонавий жиҳозлар, таянч-ҳаракат тизими хасталикларига чалинган болаларни даволаш тренажёрлари билан таъминланди.