Чўлпон


Бугунги постни мен дилбар лирик шеърлари, замонавий ўзбек адабиётининг дурдоналаридан бири бўлган “Кеча ва кундуз” романи, моҳир таржималари ҳамда ўткир публицистик мақолалари билан халқимизнинг миллий тафаккурига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган ўзбек халқининг улуғ ёзувчиси Абдулҳамид Чўлпонга бағишламоқчиман.

Чўлпон ижодининг чўқиси, ўзбек адабиётининг «олтин даври» деб саналмиш ўтган асрнинг 20-чи йилларидан то 30-чи йиллар ўрталаригача бўлган вақтга тўғри келган. Бу даврда ўзбек адабиётининг устунлари бўлган, ноёб асарлари орқали халқ меҳри ва хурматини қозонган Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Усмон Носир каби ажойиб истеъдод соҳиблари ижод қилганлар, ва кейинчалик улар Сталин ва сталинчиларнинг мудҳиш ва шавқатсиз қатағон йилларининг қурбонига айланганлар.
Чўлпоннинг асл исми Абдулҳамид Юнусов бўлиб, унинг тахаллуси “тонг юлдузи” маъносини англатади.

Ёзувчи 1893 йили Андижон шаҳрида таваллуд топган. Ёшлигидаёқ публицистикага катта қизиқиши бўлган Чўлпон, ўша даврнинг энг йирик нашрларини мунтазам равишда кузатиб борган, ва бу унинг ижтимоий-сиёсий қарашларининг шаклланишига катта ҳисса қўшган. 1914-чи йилларда Чўлпон ўз шеър ва ҳикояларини рўзномаларда нашр эта бошлаган, ва кейинчалик ўзи ҳам бир қатор маҳаллий нашрларда муҳаррир бўлиб фаолият кўрсатган.

Рус тилини пухта эгаллаган Чўлпон, рус адабиётининг атоқли намоёндалари Александр Пушкин, Николай Гоголь, Антон Чехов, Максим Горькийларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Шунингдек, Чўлпон Уильям Шекспирнинг “Гамлет” асарини ўзбек тилига ўгирган биричи инсон бўлган.

20-чи йилларнинг ўрталарида Чўлпон Москвада ташкил этилган ўзбек маориф уйининг театр студиясида раҳбар ва адабий эмакдош сифатида фаолият кўрсатган, ва ўша йиллари бир нечта пьесаларини ёзган ҳамда саҳналаштирган.

Унинг “Кеча ва кундуз” романи ёзувчининг ўткир қалами, кучли фалсафий қарашлари билан ҳозир ҳам киши қалбини бир умрга забт этади ва асар каҳрамонларининг аянчли тақдири ўқувчини анчагача ўйу-ҳаёлидан кетмайди.

Чўлпон ўз асарларида инсон тафаккури, эркинлиги, тенглик, адолатпарварлик, мустақиллик каби тушунчаларни олға сурган.

Бир неча йиллар давомида ёзувчига қарши совет матбуоти томонидан кўп тазийқлар уюштирилади. 1937 йилда Чўлпон хибсга олиниб, 1938 йилнинг октябр ойида отиб ташланади.

Ҳар сафар Чўлпон, Қодирий, Усмон Носир, Фитрат асарларини ўқир эканман, бундай ўта қобилиятли инсонларнинг адабий мерослари менга катта фаҳр туйғусини баҳшида этади, аммо уларнинг аянчли тақдири ҳақида ўйлар қалбимни чуқур қайғуга солади.