“Ўзбекистон модаси: кеча ва бугун” деб номланган кўргазма
11 Mar 2020Ота-она қарамоғисиз қолган болаларни муносиб таълим олишига кўмаклашиш Фонднинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. 2003 йилда Фонд қошида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар фарзандлари ва имконияти чекланган болаларни ўрта-махсус ва олий ўқув юртларига тайёрлаш учун Ўқув маркази ташкил этилди.
Ўқув маркази фаолияти болалар билан ўзаро ишончга асосланган муносабат орқали уларнинг мактабда ўқишини кузатиб бориш, ўқишга бўлган қизиқишини ва таълимга бўлган ижобий муносабатини кучайтиришга қаратилган. Марказ мутахассислари болаларнинг қизиқиш ва қобилиятларини инобатга олган ҳолда касб танлашда уларга йўлланма бериш орқали имкон қадар ота-она ўрнини босишга ҳаракат қиладилар.
Ўқув марказида болалар ўз илмий савиясини ошириб, аниқ ва гуманитар фанлардан чуқур билим эгаллайдилар. Марказда математика, кимё, биология, физика, ўзбек, рус, инглиз тиллари ва тарих фанларидан дарс берилади. Болаларнинг ижодий қобилиятларини ошириш мақсадида драматик, хореография, вокал ва тасвирий санъат тўгараклари ташкил этилган. Марказ қошида ишлаётган музокара клуби болаларни кенг фикрлашга ва нотиқлик санъатига ўргатади.
Фонд Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилалар фарзандларини олий ва ўрта махсус таълим масканларига тайёрлаш учун республикамизнинг энг яхши ўқитувчиларини Ўқув марказига жалб қилишга ҳаракат қилади. Қолаверса, турли мутахассисликлар бўйича ўқув жараёни билан бевосита танишиш мақсадида лицей ва институтларга экскурсиялар уюштирилади.
Ўқув марказининг фаолияти давомида унда 2500 нафардан ортиқ бола – Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, имконияти чекланган болалар ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар фарзандлари тайёрлов курсларини битирдилар. Бугунги кунда Ўқув маркази битирувчиларидан 240 нафардан ортиғи лицей ва коллежларда ўқишни битириб, республикадаги энг нуфузли олий ўқув юртлари талабалари бўлдилар. Улар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Москва Давлат университетининг Тошкентдаги филиали, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент Давлат шарқшунослик институти, Тошкент Давлат иқтисодиёт университети, Тошкент автомобиль йўллар институти, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти, Термиз Давлат университети, Тошкент тиббиёт академияси, Миллий рассомлик ва дизайн институти, Тошкент кимё технологиялари институти ва бошқа олий ўқув юртлари талабалари бўлдилар.
Шунингдек, марказда ижтимоий мослашув машғулотлари ташкил қилинган. Мазкур машғулотларда болаларга ҳаётий кўникмалар, жумладан, рўзғор ва хўжалик юритиш сирлари, оила ва жамиятда ҳаёт кечиришнинг қоидалари ўргатилади.