ЎЗБЕКИСТОН-ЮНЕСКО

Ўзбекистон 1993 йил 26 октябрда ЮНЕСКОга аъзо бўлган бўлиб, ушбу Халқаро ташкилотнинг турли йўналишлари буйича фаол ҳамкорлик олиб боради. Ўзбекистон 1997 – 2001 йиллар ҳамда 2009 – 2013 йиллар мобайнида икки маротаба ЮНЕСКОнинг Ижроия кенгаши аъзолигига сайланган.

ЮНЕСКО Ижроия кенгаши 155-сессиясининг 1998 йил 6-7 ноябрь кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтган якуний йиғилиши тарихий воқеа бўлиб қолди. Мазкур йиғилишда “Жаҳон маданияти ва ЮНЕСКОнинг аъзо-давлатлардаги фаолияти” декларацияси қабул қилинди.

Жаҳон тарихи, илм-фани ва маданиятига беҳисоб ҳисса қўшган қуйидаги давлат арбоблари ва мутафаккирларнинг таваллуд айёми ЮНЕСКО шафелигида нишонланди:

  • астроном Мирзо Улуғбекнинг 600-йиллиги
  • Амир Темурнинг 660-йиллиги
  • мутафаккир Ал-Фарғонийнинг 1200-йиллиги
  • мутафаккир, диний уламо Ал-Бухорийнинг 1225-йиллиги
  • рассом-миниатюрачи Камолиддин Беҳзоднинг 545-йиллиги

Шунингдек, ЮНЕСКО шафелиги ва ҳамкорлиги остида Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллиги, Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларининг 2700 йиллиги ҳамда Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги тантанали нишонланди.

ЮНЕСКОнинг бевосита иштироки билан Самарқандда Марказий Осиё тадқиқотлари Халқаро институтига асос солинди. ЮНЕСКОнинг 10та кафедраси, 10та ижтимоий таълим марказлари ва 34та ассоциялашган мактаблари Ўзбекистоннинг турли воҳаларида ташкил этилиб, бугунда ўз фаолиятини олиб бормоқда.

ЮНЕСКО билан ҳамкорлик йиллари мобайнида республикада қуйидаги дастурлар амалга оширилди:

  • «Хом ғиштдан қурилган маданий мерос объектларини асраш, маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш, Буюк ипак йули бўйлаб жойлашган маданий мерос объектларининг инвентаризацияси»;
  • «Хоразм вилоятида сув ва ер ресурслари ишлатилишининг иқтисодий ва экологик реструктуризацияси»;
  • «Ўзбекистонда буддавийлик мероси объектларининг сақланиши»;
  • «Ўзбекистоннинг кулолчилик санъати»;
  • «Шашмақомни асраб қолиш, ривожлантириш ва келажак авлодларга етказиш»;
  • «Ўзбек гиламларини тўқиш санъати. Бухоро ва Хивада гилам тўқиш ва бўяшга ўргатиш бўйича ўқув марказларини очиш»;
  • «Бойсун воҳасининг маданий мероси».

2008 йил 23 октябрда Тошкент шаҳрида “Буюк ипак йўли мамлакатларида маданий туризмни ривожлантириш ва кенг тарғиб қилишнинг чора-тадбирлари” мавзусида Халқаро форум бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонаси томонидан БМТнинг Бутунжаҳон туристик ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Республиканинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги, шунингдек, ўзбек мусиқий маданиятини чет элда кенг тарқатиш имкониятини яратади. Бу ўринда Президент И.А.Каримовнинг ташаббуси ва ЮНЕСКО шафелигида Самарқанд шаҳрида ўтказилиб келаётган “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали алоҳида аҳамият касб этади.

2013 йилда “Шарқ тароналари”нинг тўққизинчи фестивалида дунёнинг 56та давлатидан ташриф буюрган мусиқий ва ижодий гуруҳлар иштирок этдилар. Ушбу тадбирда ЮНЕСКО номидан ташкилотнинг Бош раҳбари Ирина Бокова иштирок этди.

Самарқанд, Шаҳрисабз, Бухоро ва Хива шаҳарларининг тарихий-маданий объектлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероcи рўйхатига киритилган. Бухоро шаҳри ЮНЕСКО томонидан 2001 йилда “Тинчлик шаҳри” деб эълон қилинди. Шашмақом, Катта ашула ва Наврўз инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилган.

2014 йил 24-28 ноябр кунлари ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ўтказилган  Номоддий маданий мерос қўмитасининг 9-сессиясида “Аския” ўзбек санъати ҳам мазкур рўйхатга киритилди.