“Sen Yolg’iz Emassan” Фонди ва Франциянинг “Умид ришталари” уюшмаси томонидан амалга оширилган хайрия тадбири доирасида юрак нуқсонлари билан туғилган 12та болага жарроҳлик операцияси бажарилди

17 Jan 2017

DSC_9556“Sen Yolg’iz Emassan” Фонди ҳамда Франциянинг “Умид ришталари” шифокорлар уюшмаси томонидан 10 –17 январь кунлари амалга оширилган навбатдаги хайрия тадбири доирасида юрак нуқсонлари билан туғилган 12та болага жарроҳлик операцияси амалга оширилиб, 45та бола тиббий кўрикдан ўтказилди.

Мазкур акция ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган оиладан бўлган турли юрак нуқсонларига эга болаларга кардиожарроҳлик ёрдамини амалга ошириш мақсадида амалга ошириб келинмоқда.

Операцияларни франциялик шифокорлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда Тошкент шаҳридаги В.Воҳидов номидаги Республика жарроҳлик марказида амалга оширдилар. Хозирда, операциядан сўнг, болалар шифокорлар назорати остидалар.

Ушбу хайрия тадбири замонавий болалар кардиожарроҳлиги ва кардиореанимация соҳасида франциялик ва ўзбекистонлик шифокорларнинг малака алмашинувига яхши имконият яратади. Франциялик шифокорлар диагностика, даволаш ва реанимация соҳаларидаги янги усулларни қўллаш борасида ўз билим ва малакалари билан ўртоқлашмоқдалар.

“Умид ришталари” уюшмаси шифокорлари мазкур хайрия тадбири доирасида Тошкентга 5-чи маротаба ташриф буюришлари. Аввал улар Ўзбекистонга 2015 йилнинг июль ва декабрида ҳамда 2016 йилнинг апрель ва сентябрь ойларида ташриф буюрган эдилар.

Ўтган йилнинг май ва ноябрь ойларида эса ўта оғир юрак нуқсонларига эга бўлган ўзбекистонлик болалар “Sen Yolg’iz Emassan” Фонди томонидан Франциянинг Нанте шаҳридаги педиатрия клиникасига юборилиб жарроҳлик амалиётидан ўтиб келган эдилар. Фонд ва француз уюшмаси ҳамкорлиги мобайнида жаъми 35 нафар ўзбекистонлик болага мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

“Sen Yolg’iz Emassan” Фондининг молиявий ёрдами билан 2016 йилнинг март ойида Республика жарроҳлик марказининг шифокорлари неонатал кардиожарроҳлик соҳасидаги билим ва малакаларини ошириш мақсадида Францияга юборилган эдилар.

DSC_9608«Биз болажонларга тузалиб, ўз яқинлари ёнига тез орада соғ-саломат қайтишларини тилаб қоламиз. Фондимизнинг “Умид ришталари” уюшмаси ва Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари Ўзбекистонда болалар кардиожаррохлигини ривожлантиришга ва туғма юрак нуқсонларига эга бўлган кўпгина болажонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшади деб умид қиламан», – деди “Sen Yolg’iz Emassan” Фондининг Васийлик кенгашининг Раиси Лола Каримова-Тилляева.

 

“Sen Yolg’iz Emassan” Республика жамоатчилик болалар фонди 2002 йилда Лола Каримова-Тилляева ташаббуси билан ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. Фонднинг асосий вазифаси ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг униб-ўсиши, ҳар томонлама билим олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, болаларни маънавий-руҳий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг саломатлигини муҳофаза қилишдан иборат.

Шунингдек, хайрия ташкилоти жиддий хасталикларга чалинган ва кам таъминланган оилалардан бўлган болаларнинг даволанишларида ҳам амалий ёрдам кўрсатади.