Москва шаҳрида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга ўрнатилган ҳайкални очиш маросими бўлиб ўтди

18 Oct 2018

Москва шаҳрида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга ўрнатилган ҳайкални очиш маросими бўлиб ўтди

 

IMG_4886Бугун Москва шаҳри марказида жойлашган хиёбонда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Каримовга ўрнатилган ҳайкални расмий очиш маросими бўлиб ўтди.

Президент Ислом Каримов ўз васиятига кўра киндик қони тўкилган Самарқанд шаҳрида дафн этилди. Ҳар куни ўн мингдан ошиқ зиёратчи Биринчи Президент руҳига ҳ урмат бажо этиш учун унинг мақбарасига ташриф буюради.

Москвадаги ёдгорлик ҳамда Ислом Каримов номи билан аталган хиёбон анъаналар ва маданиятнинг бетакрор уйғунлигини, шу билан бирга, давримиз шиддатини акс эттиради.

Маҳобатли композиция чуқур рамзийликка йўғрилган. Ислом цивилизациясининг муҳташам тарихий обидалардан бири бўлмиш Самарқанддаги афсонавий Регистон майдони улуғворлигини намоён этувчи қурилмалар маҳобатли ёдгорликнинг муҳим таркибий қисми саналади. Мазмунан ва усул-услубга кўра бетакрор бўлган хотира ёдгорлигида ҳам ҳайкалтарошлик, ҳам меъморчиликка хос теран ғоя ифодаланган.

IMG_4884Регистон – мамлакатнинг бой тарихий ва маънавий мероси рамзидир. Ислом Каримов деганда эса халқ тасаввурида “Мустақиллик” тушунчаси намоён бўлади. Ўзбекистон тарихи саҳифаларида ўчмас из қолдирган Биринчи Президент мамлакатнинг бетакрор маданий ва маънавий меросини қайта тиклашга улкан ҳисса қўшган буюк давлат арбобидир.

Бизнинг вазифамиз ушбу хиёбонга ташриф буюрган ҳар бир инсонда меҳмондўстлиги ва кўп асрлик бой маданияти билан шуҳрат қозонган ўзбек заминига қадам қўйиш ҳиссини уйғотишдан иборат бўлди. Таъбир жоиз бўлса, бу орқали она Ватанга муҳаббат тараннум этилди.

IMG_4928Бизнинг ижодий мақсадимиз ушбу масканни ўзбек халқининг миллий ўзлиги ва қадим тарихи тимсолига айлантириш ҳамдир.

Биз учун хиёбон ва маҳобатли ёдгорлик шаҳар муҳити ва руҳига уйғун бўлиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Москва маъмурияти билан эришилган келишувга мувофиқ, 2017 йилнинг баҳорида Каримов Фонди Россия пойтахтида Ислом Каримов хотира ёдгорлигини лойиҳалаш, тайёрлаш ва ўрнатиш бўйича ишларни амалга ошириш масъулиятини ўз зиммасига олди. Мазкур масканнинг боғ-хиёбон ҳудуди Москва маъмурияти томонидан Каримов Фонди билан ҳамкорликда ободонлаштирилди.

Мустақилликнинг илк йиллариданоқ Президент Ислом Каримов миллатлараро бағрикенглик ҳамда Россия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстлик муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратган.

Янги хиёбон Россия ва Ўзбекистоннинг маданиятлараро лойиҳаси бўлиб, у икки халқнинг эзгу истагини, шунингдек, замонавий санъат ҳамда Марказий Осиёнинг қадим маданияти уйғунлигини намоён этади.

IMG_4881Каримов Фонди номидан Россия Федерациясининг Президенти Владимир Путин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Москва шаҳри мэри Сергей Собянин, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг ҳукуматларига катта миннатдорлик билдираман.

Монументал мажмуа ва хиёбон устида иш олиб борган бир қатор инсонларга ҳам ўз чуқур ташаккуримни айтаман:

Пол Дэй – машҳур британиялик хайкалтарош, Ислом Каримовга Москвада ўрнатилган ёдгорликнинг муаллифи;

Сергей Рубалевский – хиёбонни ободонлаштириш дизайни устида ишлаган меъмор ва дизайнер;

Азам Абдуллаев – лойиҳанинг бош координатори;

Оқила Тоирова – лойиҳа координатори.

Шунингдек, Ислом Каримов номи билан аталган хиёбонни қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш лойиҳасини амалга оширишга ҳамда Москвада ўрнатилган Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳайкалини инаугурациясига қўшган ҳиссалари учун Москва шаҳри ҳукумати, Россия пойтахти Марказий маъмурий округи Префектураси, Москва шаҳри Маданий мерос департаменти, Москва шаҳри Турар-жой коммунал хўжалиги Департаменти “Марказий маъмурий округининг автомобил йўллари” давлат бюджет ташкилоти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Маъмурияти, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Россия, Беларусь Республикаси ва Германиядаги элчихоналарига самимий миннатдорлигимизни билдирамиз.

 

Каримов Фондининг раҳбари

Лола Каримова-Тилляева

 

Видео: Москва шаҳрида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга ўрнатилган ҳайкални очиш маросими бўлиб ўтди