“Ой ёғдусида айтилган алла” - Каримов Фондининг бешик тарихига бағишланган кўргазма лойиҳаси

06 Nov 2019

“Ой ёғдусида айтилган алла” – Каримов Фондининг бешик тарихига бағишланган кўргазма лойиҳаси

1“Ой ёғдусида айтилган алла” – Каримов Фондининг анъанавий бешик тарихига бағишланган янги кўргазма лойиҳаси. Каримов Фонди томонидан ташкил этилган ушбу кўргазма Тошкент Фотосуратлар уйида бўлиб ўтмоқда ва 25 ноябрга қадар давом этади.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг ҳунармандлик анъаналари ҳамда бой маданий-тарихий меросини оммалаштиришга қаратилган. Кўргазма орқали томошабинлар Ўзбекистоннинг Тошкент, Марғилон, Андижон, Хива, Ғиждувон каби шаҳарларидаги пешқадам бешиксоз усталарнинг ижодий ишлари билан танишадилар. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида анъанавий бешик тайёрлаш жараёнига оид фотосуратлар намойиш этилади.

3Асрлар мобайнида ҳаёт риштаси чақалоқнинг митти оламини ўзида мужассам этган бешик ила пайванд бўлиб келган. Чақалоқнинг илк бошпанаси бўлмиш бешик Ўзбекистон халқларининг тасаввур ва тахайюл оламига навқирон ҳаёт рамзи сифатида муҳрланган ва аҳоли турмушидан мустаҳкам ўрин эгаллаган. У авлоддан авлодга мўътабар омонат ўлароқ ўтиб, бизнинг кунларга қадар етиб келибгина қолмай, бугун ҳам ўзбек халқи анъанавий маданиятининг таркибий қисмига айланди.

Ўзбекистонда 1990-йиллар ўрталарида бешик тайёрлаш бўйича кўҳна марказлар тикланиб, янгилари пайдо бўла бошлади. Ҳар бир вилоят ушбу маҳсулотни тайёрлаш ва безаш борасида ўзига хос анъаналарга эга.

Сулолавий усталар ишлаб чиқариш жараёнининг нозикликларини ўзлаштириш, ҳунар синоатини кашф этиш, яъни бу борада ўз “дастхати”га эга бўлиш учун йиллар давомида бешик тайёрлаш сирларини ўрганадилар.

Кўп асрлар муқаддам пайдо бўлган бешик Марказий Осиё халқлари маданиятидан мустаҳкам ўрин эгаллаган. Ушбу анъана бизнинг давримизга қадар етиб келди ва замонавий дунёда ҳам ўз ўрнини топди. Буларнинг бари теран рамзийлик туфайлидир. Зотан, ўзбек халқи бешик тимсолида чин маънода муқаддас ва мўътабар воқеликни тасаввур этиб келган.

Кўргазма 2019 йил 5 дан 25 ноябргача қуйидаги манзилда бўлиб ўтмоқда: Тошкент Фотосуратлар уйи, Истиқбол кўчаси, 4. Иш вақти: ҳар куни (душанбадан ташқари) соат 10:00 дан 17:00 гача.