Лола Каримова-Тилляева “Fashion 4 Development” ташкилоти мукофотига сазовор бўлди

25 Sep 2019

Лола Каримова-Тилляева “Fashion 4 Development” ташкилоти мукофотига сазовор бўлди

IMG_1711Лола Каримова-Тилляева “Fashion 4 Development” (“Мода тараққиёт учун”) ташкилотининг “Leading Lady” (“Етакчи аёл”) мукофотига сазовор бўлди. Мукофот 24 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган биринчи хонимлар расмий тадбирида топширилди. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан келган сиёсий арбоблар, дипломатлар ҳамда мода саноатининг пешқадам вакиллари қатнашдилар.

Тадбир БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йоркдаги 74-сессияси кунлари бўлиб ўтди.

“Fashion 4 Development” – Эви Эвангелу томонидан асос солинган фаоллар ташкилотидир. Унинг асосий вазифаларидан бири БМТнинг 17 банддан иборат Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш, хусусан, сайёрамиз мусаффолигини асраб-авайлаш учун соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, маданий меросни муҳофаза этиш, шунингдек, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашишдан иборат.

IMG_1712Биринчи хонимларнинг расмий тушлик тадбири ижобий ижтимоий ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш ҳамда гуманитар дастурлар соҳасидаги ютуқларни эътироф этиш мақсадида БМТ Бош Ассамблеяси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

“Ушбу мукофотга сазовор бўлиш менга ўзгача ифтихор бағишлайди. У нафақат менинг саъй-ҳаракатларим, балки сайёрамиз мусаффолигини асраб-авайлашдек эзгу мақсадга содиқ инсонлар интилишларининг ҳам эътирофидир.

“Қадрли “Fashion 4 Development” жамоаси, сайёрамиз келажаги учун амалга ошираётган хайрли ишларингиз, дунё барқарорлиги тамойилларига садоқатингиз, инсоният келажак авлодга қандай мерос қолдириши лозимлиги борасидаги масъулиятни ёдимизга солиб турганингиз учун ташаккур изҳор этаман.

IMG_1713Биз Ер сайёрасини келажак авлодга кўркам, осойишта ва сиҳат-саломат ҳолда қолдира оламизми? Фарзандларимизга ривожланиш, олға интилиш, Коинот мўъжизаларини кашф этиш имконини, орзу-истакларининг гўзал эканига бўлган ишончни туҳфа этамизми?

Сайёрамиз технология ва саноат тараққиёти туфайли улкан ўзгаришларга учради ва, афсуски, биз аллақачон унинг салбий таъсирини ҳис этмоқдамиз.  Эндиликда бу муаммоларга кўз юма олмаймиз. Улар шу қадар таҳликали тус олмоқдаки, дунё мамлакатларининг ижтимоий, иқтисодий ва маданий тузилмаларига катта зарар келтириши ҳеч гап эмас. “Уй” деганда шахсий ҳовлидан кенгроқ манзил-маконни тушунмоқ вақти келди. Зеро, бизнинг уйимиз бу – Ер сайёрасидир.

Биз бир ёқадан бош чиқариб катта натижаларга эришишимиз, дунёни янада барқарор, осойишта ва хавфсиз макон қила олишимизга ишончим комил”, –  деди Каримова-Тилляева хоним мукофот топшириш маросимидаги нутқида.

IMG_1714Лола Каримова-Тилляева ўн йил давомида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси сифатида фаолият юритди. У асос солган “Sen Yolg‘iz Emassan” хайрия фонди Ўзбекистондаги ота-она қарамоғисиз қолган ва алоҳида кўмакка муҳтож болаларга кўмак кўрсатади. Фонд Франциянинг “La Chaîne de l’Espoir” (“Умид ришталари”) ассоциацияси билан ҳамкорликда фаолият юритади. Ушбу ҳамкорлик самараси ўлароқ, сўнгги тўрт йилда француз кардиожарроҳлари томонидан ўзбекистонлик 110 нафардан зиёд юрак хасталигига чалинган меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари операция қилинди.

Каримова-Тилляева хоним “The Harmonist” парфюмерия уйининг асосчиси ҳамдир. Ушбу бренд сув манбалари тақчиллиги ҳамда уларни асраш, санитария ва гигиена соҳаларидаги хайрия лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.

Лола Каримова-Тилляева сув захираларини асраш, шунингдек, глобал исиш ва иқлим ўзгаришларининг фожиавий оқибатларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида “Droplet” (“Томчи”) эко арт лойиҳасини ҳам яратган.