Лола Каримова-Тилляевага Халқаро олимпия қўмитасининг Дипломи тақдим этилди

18 Dec 2016

Sport AwardЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги доимий вакили, Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти Лола Каримова-Тилляева спорт соҳасида гендер тенгликни илгари суриш борасидаги қилган саъй-ҳаракатлари учун Халқаро олимпия қўмитаси томонидан «Аёллар ва спорт» дипломи билан тақдирланди.

Лола Каримова-Тилляева хоним Осиё гимнастика уюшмасининг фаҳрий президенти ҳамдир.

“Спортни хотин-қизлар орасида оммалаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишларимизга шундай юқори баҳо берилганлиги учун Халқаро олимпия қўмитаси ва унинг президенти Томас Бахга ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман. Шуни мамнуният билан таъкидламоқ лозимки, бугунги кунда ўнлаб иқтидорли ўзбекистонлик спортчи аёллар нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, Ўзбекистон спортининг халқаро миқиёсидаги нуфузини янада оширишга ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшмоқдалар”, – дея таъкидлади Лола Каримова-Тилляева ижтимоий тармоқлардаги ўз расмий саҳифаларида.

Ўзбекистон гимнастика Федерацияси спортчиларининг сўнгги йилларда нуфузли халқаро мусобақаларидаги ғалабалари туфайли юртимиз бадиий гимастика соҳасида дунёда ўз мавқеига эга бўлди.

2014 йилда Жанубий Кореяда бўлиб ўтган Осиё уйинларида ўзбекистонлик гимнастикачи қизлар бадиий гимнастика бўйича гуруҳ ҳисобида олтин медалга сазовор бўлиб, Ўзбекистон гимнастика Федерациясига Осиё қитъасида биринчиликни олиб келдилар. Ўша йили Малайзияда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида эса ўзбекистонлик юниорлар юқори натижаларга эришиб, олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган эдилар.

2015 йилда эса Ўзбекистон терма жамоасининг аъзолари бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионатида жамоа ҳисобида олтин медалга сазовор бўлиб, қитъада биринчилик сақлаб қолдилар.

Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина учун эса Риода бўлиб ўтган Олимпиада мусобақалари ҳаётидаги еттинчи Олимпиада ўйинлари бўлди. Бунинг учун Оксана Гиннесс рекордлари китобига энг кўп Олимпиада ўйинларида кетма-кет иштирок этган гимнастикачи аёл сифатида киритилди.

Лола Каримова-Тилляева 2005 йилдан, яъни Ўзбекистон гимнастика федерацияси ташкил этилган йилдан бери унинг президенти вазифасида фалият юритиб келмоқда. Янги гимнастика федерацияси илгари мустақил равишда фаолият юритиб келган 5та гимнастика федерацияларини бирлаштириш натижасида ташкил этилган эди. Ўз ичига бадиий ва спорт гимнастикасини, трамполин, акробатика ва умумий гимнастикани олувчи ягона федерациянинг яратилиши гимнастиканинг Ўзбекистонда ривожланиши ва ўзбек гимнастикасининг жаҳон саҳнасидаги мавқеини кўтаришда катта аҳамият касб этди.

Лола Каримова-Тилляева 2007 йилда спортчилар машғулотларининг унумдорлигини оширишга йўналтирилган ҳамда улар саломатлиги, пархези ва рухий ҳолатини кузатиб борувчи мутаҳассисларни ўзида мужассам этган гимнастика бўйича олий спорт маҳорати мактабини ташкил этиш режасига етакчилик қилди, ва ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 2010 йилнинг охирида Республика маҳсус болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ташкил этилди.

Федерация мунтазам равишда гимнастика бўйича тренерлар учун семинар ва дарслар ташкил этиб келади.

Бунинг натижасида, нафақат Тошкент шаҳрида, балки вилоятларда ҳам гимнастика билан шуғулланувчи болаларнинг сони ортиб бормоқда. 2009 йилда республика бўйича гимнастика билан шуғулланнувчи болалар сони 2500тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 30000тадан ошди.

Замонавий гимнастика марказлари Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ташкил этилиб, фаолият юритиб келмоқда. Бадиий гимнастика бўйича миллий терма жамоанинг 70 фоизини вилоят гимнастика мактабларидан танлаб олинган спортчи қизлар ташкил этади.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, ҳудудий бадиий гимнастика секцияларида машқ қилувчи қизлар учун кийим яратишда миллийлик ва миллий урф одатларга эътибор берилади.