Каримов Фонди томонидан Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини инглиз тилига таржимаси нашр этилди

15 Jan 2019

Каримов Фонди томонидан Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини инглиз тилига таржимаси нашр этилди

 

IMG_7081Каримов Фонди атоқли ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий қаламига мансуб “Ўткан кунлар” романини инглиз тилига таржима қилиш ва нашр этиш лойиҳасини амалга оширди. Ушбу совғабоп нашрнинг бадиий безак суратлари таниқли ўзбек рассоми Бобур Исмоилов томонидан ишланди.

Абдулла Қодирий – ХХ асрнинг атоқли адиби, маърифатпарвари ва публицисти. У 1922 йилда ёзган “Ўткан кунлар” асари билан ўзбек миллий романчилик мактабига асос солди. Мазкур асар ҳақли равишда ўзбек адабиёти дурдонаси дея эътироф этилади. Юксак бадиият намунаси саналган роман бир неча авлод ўзбек китобхонларининг севимли асари бўлиб келаётгани ҳам бежиз эмас, албатта.

Таассуфки, ёзувчининг ҳаёти фожиавий якун топди. Машъум қатағон йилларида Қодирий “халқ душмани” деган сохта айблов билан қамоққа олинди ва 1938 йилда қатл этилди.

IMG_7076““Ўткан кунлар” романини илк маротаба қўлга олганим ҳали-ҳамон ёдимда. Асар мени шу қадар ўзига ром этган эдики, уни бир кечада ўқиб тугатган эдим. Ушбу муҳаббат қиссаси мени – ўша кезлар 14 ёшда бўлган ўсмир қизни ўтмиш оламига олиб кирди. Тарихий давр, турфа қаҳрамонлар тақдири, характери ва ҳаёт тарзини юксак ижодий маҳорат билан, батафсил тасвирлаган муаллиф ўз асарига умрбоқийлик бағишлади, келгуси авлодларга ҳам ота-боболари кечмиши билан яқиндан танишиш имконини туҳфа этди. Ушбу совғабоп нашрни теран рамзий маънога эга суратлари билан безаган рассом Бобур Исмоилов ўша давр нафасини етказиб бера олган, деб ўйлайман. Бунинг учун унга алоҳида миннатдорлигимизни изҳор этамиз”, -дея таъкидлайди Каримов Фонди раҳбари Лола Каримова-Тилляева асарнинг инглиз тилидаги нашрига бағишланган мурожаатида.

IMG_7074Каримов Фонди кўмаги билан ушбу китоб Nouveau Monde Editions номдор француз нашриётида чоп этилди.

Ўзбек адиби романи ўттиздан зиёд бадиий асарни таржима қилган британиялик адабиётшунос ва мутаржим Кэрол Ермакова томонидан инглиз тилига ўгирилди. Таржимага Жули Уикенден муҳаррирлик қилди.

Мазкур нашр Абдулла Қодирий ижодий меросини хориж китобхонларига яқиндан таништирса ажаб эмас. Роман хорижлик адабиёт мухлислари кўнглидан ҳам жой олади, деган умиддамиз.

Каримов Фонди томонидан романнинг ўзбек тилидаги совғабоп нашри ҳам чоп этилди. Ўзбекистонлик ёшлар томонидан мутолаа қилиниши инобатга олиниб, китоб лотин алифбосида нашр қилинди.

Ўзбекистонлик ва хорижлик адабиёт мухлислари учун ўзига хос туҳфа ҳисобланган мазкур икки нашр Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллиги асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 81 йиллигига бағишлаб тайёрланди.

“Ўткан кунлар” романининг инглиз тилидаги нашрини Amazon интернет-дўконидан қуйидаги ҳавола орқали харид қилиш мумкин:

 

https://www.amazon.fr/dp/2369427876/ref=cm_sw_em_r_mt_dp_U_-n4nCbYFG9YWC