Каримов Фонди ўзбек халқининг матал, нақл ва иборалари жамланган “Қайроқи сўзлар” китобини чоп этди

21 Oct 2018

Каримов Фонди ўзбек халқининг матал, нақл ва иборалари жамланган “Қайроқи сўзлар” китобини чоп этди

 

IMG_5740

Каримов Фонди Ўзбекистоннинг бой маънавий меросини кенг тарғиб этиш йўлидаги навбатдаги ижодий лойиҳани амалга оширди: ўзбек халқининг бетакрор матал, нақл ва иборалари жамланган “Қайроқи сўзлар” китобини чоп этди.

Халқ оғзаки ижоди – фольклор ҳар бир миллатнинг тарихи ва турмуш тарзини акс эттириб қолмай, унинг тафаккури, донишмандлиги ва маданиятини ҳам намоён этади. “Қайроқи сўзлар” тўпламига киритилган матал, нақл ва иборалар ҳам халқимизнинг кўп асрлик ўтмиши, миллий фольклоримиз тадрижи, сўз санъати тараққиётидан дарак беради.

Мазкур китоб том маънода игна билан қудуқ қазишдек машаққатли меҳнат маҳсулидир. Зеро, муаллифлар Шотурсун Шомақсудов ва Субутой Долимовлар узоқ йиллар мобайнида халқнинг турли қатлами, хусусан, турфа ҳунар ва касбу кор эгалари орасида юриб, улар билан суҳбат қурганлар. Ана шу ижодий мулоқотлар асносида муаллифлар юзлаб матал, нақл ва ибораларни ёзиб олишга муваффақ бўлганлар. Сирасини айтганда, кўп йиллик ижодий изланишлар давомида халқ орасида сочилиб ётган сўз жавоҳирлари мисқоллаб йиғилиб, худди шодага тизилгандек яхлит китобга жамланган.

Сўз заргари саналган муаллифлар нақлларни шунчаки жамлаб қолмай, уларга адабий сайқал берганлар, ибораларнинг этимологияси, яъни пайдо бўлиши ва қўлланишига доир қизиқарли изоҳлар ҳам битганлар.

Китобнинг “Қайроқи сўзлар” деб аталиши бежиз эмас. Зотан, унда жамланган нақллар тафаккуримизни чархлайди, нутқимизни янада жозибали, таъсирли ва гўзал қилади. Шу билан бирга, мазкур китоб ўзбек тилининг нақадар бой эканини ҳам кўрсатади.

Ушбу тўплам ўтган ярим аср мобайнида бир неча марта чоп этилган. Ислом Каримов Фонди китобхонларнинг талаб ва қизиқишларини инобатга олиб, пурмаъно иборалар жамланган тўпламни қайта чоп қилди.

Бугунги даврда ота-боболаримиз закоси намуналари саналган матал, нақл ва иборалар ҳам тобора кундалик истеъмолдан чиқиб кетаётир. Янги тўплам ана шу унутилаётган сўз жавоҳирларини асраш-авайлашга хизмат қилса ажаб эмас.

Она тилимизнинг хазинаси жамланган ушбу китоб зукко халқимиз, хусусан, илмга чанқоқ ёшларимизнинг маънавий-маърифий мулкига айланади, деган умиддамиз.

«Қайроқи сўзлар» китоби Ўзбекистон ўқув юртлари кутубхоналари, бадиий ва ижодий уюшмаларга тарқатилади ҳамда китоб дўконларида сотувга қўйилади.

Каримов Фонди юртимизнинг бой тарихий-маданий меросини, жумладан, маънавиятимиз дурдоналарини кенг тарғиб этишга қаратилган ноширлик лойиҳаларини тақдим қилишда давом этади.