“Сўзананинг туғилиши” - Каримов Фондининг ўзбек каштачилигининг мумтоз усул ва услубларини сақлаб қолишга бағишланган кўргазма лойиҳаси

27 Oct 2018

“Сўзананинг туғилиши” – Каримов Фондининг ўзбек каштачилигининг мумтоз усул ва услубларини сақлаб қолишга бағишланган кўргазма лойиҳаси

IMG_5700

Каримов Фондининг навбатдаги кўргазма лойиҳаси – ўзбек каштачилигининг мумтоз усул ва услубларини сақлаб қолиш ҳамда уларни ижодий такомиллаштиришга бағишланган “Сўзананинг туғилиши” номли кўргазмани тақдим этамиз.

Бу гал томошабинлар эътиборига Тошкент каштадўзлик анъаналарига қайта ҳаёт бахш этаётган атоқли каштадўз Мадина Қосимбоеванинг ижоди ҳавола этилади.

IMG_5707

Тошкент сўзанасининг ўзига хослиги мато юзаси тўлиғича манзара ва нақшу нигор билан қопланишидадир. Намойишга қўйилган асарларда Тошкентда “ой палак” ҳамда “юлдуз палак” дея шоирона ном билан аталган сўзанани яратишнинг қизиқарли, айни чоқда, мураккаб жараёни акс этади.

IMG_5696

Кўргазма 2018 йил 26 октябрдан 16 ноябрга қадар Тошкент фотосуратлар уйида бўлиб ўтади. Манзил: Тошкент ш., Истиқбол кўч., 4 уй. Иш вақти: 10.00 дан 17.00 гача.

“Сўзананинг туғилиши” Каримов Фондининг Ўзбекистон маданий меросини тарғиб қилишга қаратилган учинчи кўргазма лойиҳасидир.

2017 йил июнь ойида Тошкент шаҳрида ипакчилик санъатини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилиб 18 кун давом этган “Авлодларни боғловчи ришта” номли кўргазма бўлиб ўтган эди. Кўргазмада Марғилон атоқли усталарининг мероси ва замонавий ижод маҳсуллари намуналари намойиш этилган эди.

2017 йил декабрь ойида, унутилиб бораётган ўзбек читгарлиги санъатини тиклашга ва ривожлантиришга бағишланган кўргазма лойиҳаси Каримов Фонди томонидан тақдим этилган эди.

Каримов Фонди Ўзбекистоннинг бой ва бетакрор тарихий-маданий ҳамда адабий меросини асраб-авайлаш ва авлодларга тўкис етказиш мақсадида юртимизда ва хорижда бир қатор чора-тадбирлар, жумладан, концерт, экспозиция ва кўргазмалар ташкил этади. Фонд, шунингдек, Ўзбекистон ва чет эл давлатларининг маданият, санъат ва илм-фан арбоблари орасида маданий, илмий ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.