Каримов Фондининг янги кўргазма лойиҳаси – Бобур Исмоилов ижодига бағишланган "Нарративлар" номли кўргазма

10 Dec 2018

Каримов Фондининг янги кўргазма лойиҳаси – Бобур Исмоилов ижодига бағишланган Нарративларномли кўргазма

 

IMG_6627Каримов Фонди янги кўргазма лойиҳаси – Бобур Исмоилов ижодига бағишланган “Нарративлар” номли кўргазмани тақдим этади. Тасвирий санъат шинавандалари 10–30 декабрь кунлари Тошкент фотосуратлар уйида рассом ижоди билан танишишлари мумкин. Кўргазмада Бобур Исмоилов томонидан яратилган 50дан ошиқ асарлар намойиш этилмоқда.

“Ўзбекистон замонавий тасвирий санъатининг ёрқин намояндаларидан бири бўлмиш Бобур Исмоилов, ўзининг ноёб ижоди ва услуби билан Шарқнинг қадимий фалсафасига замонавий тасвирий талқин яратишга улкан ҳисса қўшган мусаввирдир. Унинг асарлари ўзида инсон табиати чуқурлиги, нафислик ва гўзаллик, муҳаббат ва қайғу, орзулар, эртаклар ва ҳажвни мужассам этган бўлиб, уларда қадимги маданий мерос замонавийлик билан уйғунлашади.

IMG_6629Бобур Исмоилов – рассом ва файласуф, иллюстратор, ажойиб театр рассоми, катта ҳурмат қозонган устоз ҳамда Ўзбекистон ва чет эл давлатларида амалга оширилган ижодий лойиҳалар муаллифидир. Буюк ўзбек рассомларининг муносиб издоши бўлмиш Бобур Исмоилов, замонавий тасвирий санъат мактабининг ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшди. Бобур яратган асарлар инсоннинг хотирасида ёрқин воқеа сифатида муҳрланиб қолади ҳамда кишини яна узоқ муддат уларнинг тасвир ва тарихи ҳақида фикрлашга ундайди.

Мен Бобур ижодини кўп йиллардан бери кузатиб келаётганимдан жуда ҳам бахтиёрман.

Бобур Исмоиловнинг асарлари – замонавий ўзбек санъатининг ажралмас қисмидир,” – дея таъкидлади Каримов Фондининг раҳбари Лола Каримова-Тилляева.

Бобур Исмоиловнинг ҳар бир асарини спектакль саҳнаси ёҳуд оқ-қора кино лавҳасига қиёслаш мумкин. Бадиий тасвирларнинг айнан ҳикоя услубига мансублиги кўргазма мавзусини белгилаб берди. “Нарратив” сўзи (лотинча narrare – сўзлаб бериш, ҳикоя қилиш) адабий термин бўлиб, сўз ёрдамида ифода этиш маъносини англатади. Тасвирий санъатда нарратив сўзи визуал образлар ёрдамида ҳикоя қилиш демакдир.

IMG_6632Кўргазмада намойиш этилган “нарративлар”нинг ифодали ҳикоялари муайян сюжет билан эмас, балки ягона услуб билан ўзаро боғлиқ. Уларни оқ-қора услубда ишланганлиги, деталлар ва композицияларнинг мўл эмаслиги бирлаштиради. Бу эса, ўз навбатида, эътиборни асардаги асосий деталга қаратиб, аниқ ва ифодали жиҳатларни илғай олиш имконини беради.

Бобур Исмоилов ижодига бағишланган кўргазмалар АҚШ, Буюк Британия, Россия ва Францияда ўтказилган.

Кўргазма 10–30 декабрь кунлари Тошкент фотосуратлар уйида бўлиб ўтмоқда. Манзил: Тошкент ш., Истиқбол кўчаси, 4 уй. Иш вақти ҳар куни, соат 10.00дан – 17.00гача (душанбадан ташқари).

Каримов Фонди 2016 йил октябрда Лола Каримова-Тилляева ва Татьяна Каримова томонидан Мустақил Ўзбекистон асосчиси ва биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасига бағишлаб таъсис этилган.

Ўзбек замонавий тасвирий санъат мактабини тараққий эттириш мақсадида Каримов Фонди ўзбек санъат усталари томонидан яратилган асарлар кўргазмаларини Ўзбекистон ва чет давлатларида ташкил этишни ўз вазифаларидан бири қилиб белгилаган.