Мирзо Улуғбек ҳақида ҳикоя қилувчи фильм Италиянинг Искья оролидаги кинофестивалда “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинациясида ғолиб бўлди

14 Jul 2017

“Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли ҳужжатли фильм Италиянинг Искья оролида бўлиб ўтган кинофестивалда “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинациясида ғолиб бўлди.

ischia1

XV асрда Мовароуннаҳрда ҳукмронлик қилган буюк аллома ва мутафаккир Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий вакили Лола Каримова-Тилляева ва унинг умр йўлдоши Тимур Тилляев томонидан продюсерлаштирилди.

“Дунёнинг турли мамлакатларидаги, турли ёшдаги инсонлар фильмни томоша қилиб, Ватанимизнинг буюк ўғлони ҳақидаги ҳикоя билан танишгач, ҳайратланиб тасанно айтганларида қалбимни тўлдирадиган ҳисларни сўз билан ифодалаб бериш қийин. Ижодий гуруҳимизни ушбу нуфузли мукофот билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Фильмнинг яратилишида продюсерлар сифатида иштирок этиб, асрлар давомида инсонларни ҳайратга солиб келаётган ушбу тарихий воқеани дунё аҳлига ҳавола этиш умр йўлдошим билан менга насиб этгани биз учун катта шараф”, – дея таъкидлаб ўтди Каримова-Тилляева хоним.

Ҳужжатли фильмда жаҳон киноюлдузларидан Винсент Кассель, Арманд Ассанте ва Франциско Овалле, шунингдек ўзбек киноактёрларимиздан Маъруф Отажонов, Жавохир Закиров ва Ҳошим Арслоновлар суратга тушдилар..