“Авлодларни боғловчи ришта” номли кўргазма

27 Jun 2017

soma 11

23 июнь – 12 июль кунлари Тошкент фотосуратлар уйида “Авлодларни боғловчи ришта” номли кўргазма бўлиб ўтмоқда. Марғилонлик машҳур Мирзааҳмедовлар сулоласининг ижодий мероси ва замонавий тажрибаси орқали бетакрор миллий ипакчилик санъатини оммалаштиришга қаратилган мазкур кўргазма Ислом Каримов номидаги фонднинг Ўзбекистон тарихий-маданий мероси ва замонавий санъатини тарғиб этиш доирасидаги илк лойиҳаларидан биридир.

“Анъанавий ипакчилик санъатига бағишланган шунақанги юқори савиядаги, халқаро андозаларга мос кўргазма Тошкентда бўлиб ўтаётганидан бениҳоят хурсандман”, – деди Ислом Каримов номидаги фонднинг васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тилляева.

soma 10

Расул Мирзааҳмедов ушбу сулоланинг ипакчилик санъати анъаналарини муваффақият билан бойитиб келаётган ёрқин намояндаларидан саналади. Кўргазмада Марғилон абрбанди матоларининг энг сара намуналари билан бирга, тўқувчилик ҳунарига оид фотосуратлар ҳамда Турғунбой Мирзааҳмедовнинг нақш-расмлари намойиш этилмоқда.

Отаси – марғилонлик машҳур уста ҳунарманд Турғунбой Мирзааҳмедов ишини муносиб давом эттираётган Расул Мирзааҳмедов Бухоро аъло бахмали каби йўқолиб кетган беназир матоларни тиклашга муваффақ бўлди.

Шунингдек, моҳир ҳунармандлар олача ва Хоразм турма белбоғи каби буткул унутилаёзган матоларни қайта тиклаган. Расул Мирзааҳмедов “Табиий бўёқлар сири” (2007) ва “Табиий бўяш усуллари” (2015) китоблари муаллифи ҳамдир. Уста ҳунарманд санъат асари даражасидаги ишларида анъанавийлик билан замонавийликни маҳорат билан уйғунлаштиради. Унинг отаси Турғунбой Мирзааҳмедов умрини қўлда тўқиш санъатини ўрганиш, такомиллаштириш ва кўп асрлик анъаналарни сақлашга бағишлади. Моҳир уста шойи, беқасаб, адрас, банорас каби унутилиб кетган матоларни қайта тиклади.

soma 8

Кўргазма доирасида илк бор марғилонлик тўқувчи-ҳунармандлар – машҳур абрдандчилар сулоласининг ижодий сирлари, ўзига хос усуллари ҳақида маълумот берилади.

Кўргазмада кенг томошабинлар оммаси – пойтахтимиз ва вилоятларимиз вакиллари ҳамда хорижлик меҳмонлар қатнашмоқда. Бу каби тадбирлар ўзбек ипакчилигини тиклаш ва ривожлантириш, халқ усталарининг мақомини ошириш, шунингдек, замонавий абрбандчилар маҳсулотларини миллий ва халқаро санъат бозорида фаол тарғиб этишга хизмат қилади.

Ислом Каримов номидаги Фондга Ўзбекистон Республикаси асосчиси ва биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотираси ва ҳаётда амал қилган тамойилларини абадийлаштириш мақсадида 2016 йилда Татьяна Каримова ва Лола Каримова-Тилляева томонидан асос солинган.

Фонд Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш ва мамлакатимиз ҳамда хорижда кенг тарғиб этиш доирасидаги дастурларни амалга оширади. Юртимиз ва хориждаги пешқадам университетларда таҳсил учун иқтидорли ёшларга грантлар ажратиш, шу орқали таълим дастурларини қўллаб-қувватлаш Фонднинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.