Sen Yolg’iz Emassan Фондининг кўмаги билан 12 нафар ўзбекистонлик бола француз кардиожарроҳлари томонидан операция қилинди

18 Oct 2019

Sen Yolg’iz Emassan Фондининг кўмаги билан 12 нафар ўзбекистонлик бола француз кардиожарроҳлари томонидан операция қилинди

 

IMG_2230Юрак нуқсони билан туғилган ў збекистонлик 12 нафар бола француз кардиожарроҳлари томонидан операция қилинди. Операциялар Sen Yolg’iz Emassan Фонди ва “Умид ришталари” (La Chaîne de l’Espoir) француз шифокорлари уюшмаси ҳамкорлигида 2-8 октябрь кунлари Тошкентда ташкил этилган хайрия акцияси доирасида ўтказилди.

Лола Каримова-Тилляева томонидан асос солинган “Sen Yolg‘iz Emassan” Фонди ўз фаолиятида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларига тиббий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратади. Фонд жорий йил ёзда мамлакатимиздаги болалар ва меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини туғма юрак нуқсонини аниқлаш бўйича навбатдаги кўрикдан ўтказди. Кўрик жараёнида 15 нафар болада туғма юрак хасталиклари аниқланди.

IMG_2231Фонд таклифи билан Франциянинг етакчи кардиожарроҳлари бемор болаларни ҳар томонлама текшириш ва муолажанинг кейинги чораларини аниқлаш мақсадида Тошкентга келдилар.

Меҳрибонлик уйлари ва эҳтиёжманд оилалардан бўлган 80 дан ортиқ болажонлар диагностик текширувлардан ўтди. Франциялик шифокорлар оғир ташхис қўйилган 12 нафар болани операция қилдилар. Операция қилинган болалар орасида уч кунлик гўдак ҳам бор эди. Ҳозирда болалар шифокорлар назоратида.

IMG_2232“Sen Yolg‘iz Emassan” Фондининг молиявий кўмаги билан шу кунга қадар франциялик кардиожарроҳлар томонидан ўзбекистонлик эҳтиёжманд оилалар фарзандлари ва меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига 120 дан ортиқ мураккаб юрак операциялари ўтказилди. Мураккаб амалиётларнинг 21 таси Франциянинг Нант шаҳридаги клиникада амалга оширилди.