Каримов Фонди


islam karimov foundation

Ислом Каримов жамоатчилик хайрия фондига Ўзбекистон мустақиллиги асосчиси ва биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотираси ва ҳаётда амал қилган тамойилларини абадийлаштириш мақсадида асос солинган.

Ислом Каримов Фондининг бирламчи вазифалари мамлакатимиз ҳамда ҳорижда Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва адабий меросини тарғиб қилишга мўлжалланган дастурларни амалга оширишдан иборатдир.

Фонд томонидан ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга, олий ўқув юрти ва мактаб мураббийлари ҳамда тиббиёт ходимларининг касбий малакаларини оширишга йўналтирилган турли илмий-маърифий, маданий дастур ва лойиҳалар амалга оширилади.

Ушбу дастурлар доирасида Ислом Каримов Фонди истеъдодли ёшларга Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг энг илғор олий ўқув юртларида таълим олишлари учун грантлар тақдим этади.

Ўзбек классик ҳамда замонавий ёзувчилар асарларини чет тилларга таржимаси ва нашри учун, шунингдек, мамлакатимизда илм-фаннинг тараққиётига ҳисса қўшиш мақсадида илмий тадқиқот дастурларига грантлар ажратиш ҳам Фонд томонидан кўзда тутилган.

Ўзбекистоннинг анъаналари, адабиёти ҳамда халқимизинг бой маданий меросининг бошқа жабҳаларига тегишли адабиётлар нашр этмоқлик Фонд фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир.

Ислом Каримов Фонди ўзбек халқининг авлоддан авлодга асрлар оша ўтиб келаётган ҳунармандчилик анъаналарини асраш ва қўллаб қувватлашни кўзда тутган лойиҳаларни амалга оширади.

Фонд Ўзбекистон тарихи, маданияти ва санъатига оид фильм ва кўрсатувлар яратишга грантлар тақдим этади.

Ўзбек замонавий тасвирий санъат мактабини тараққий эттириш мақсадида Фонд ўзбек санъат усталари томонидан яратилган асарлар кўргазмаларини Ўзбекистон ва чет давлатларида ташкил этишни ўз вазифаларидан бири қилиб белгилаган.

Ислом Каримов Фонди “Сен ёлғиз эмассан” жамоатчилик болалар фонди билан ҳамкорликда ота-она қарамоғисиз қолган ва ногирон болалар ва ёшларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш соҳасида ҳам фаолият олиб боради.